Туркий давлатлар ташкилотининг саммити Бишкекда бўлиб ўтади
Қирғизистон Республикаси Президенти Администрацияси ташқи сиёсат бўлими бошлиғи Муратбек Азимбакиевнинг маълум қилишича, Саммитда ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари, шунингдек, ташкилотга кузатувчи давлатлар раҳбарлари иштирок этади.
“Давлат раҳбарлари ТДТ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қиладилар, Ташкилотнинг жорий кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича қарорлар қабул қиладилар, шунингдек, бир қатор кўп томонлама ҳужжатларни, жумладан, Саммитнинг якуний декларациясини имзолайдилар. Саммит якунлари бўйича Туркий давлатлар ташкилотига 2025 йилги раислик Қирғизистон Республикасига ўтади. Қирғизистон Республикасининг Ташкилотга бўлажак раислиги даврида аъзо давлатлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, минтақада иқтисодий ўсиш ва турмуш даражасини ошириш учун янги имкониятлар яратиш бўйича қатор тадбирлар ўтказиш режалаштирилган», – деди Муратбек Азимбакиев.
Аввалроқ 5 ноябрь куни Туркия президенти Режеп Таййиб Эрдоған Қирғизистонга давлат ташрифи билан бориши хабар қилинганди. 6 ноябрь куни Туркия раҳбари Туркий давлатлар ташкилоти саммитида иштирок этади.