Туркий давлатлар ташкилотига раислик Туркияга ўтди
ASTANA. Kazinform — Қозоғистон Президенти Туркий давлатлар ташкилотини институционал жиҳатдан ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратишга чақирди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.
“Сўнгги йилларда Ташкилот фаолияти қамрови кенгайди, бу тузилма 60 та турли йўналишда иш олиб бормоқда. Бироқ уларнинг айримлари бир-бирини такрорлаётгани сир эмас. Шунинг учун умумий фаолиятимизда устувор аҳамият қаратилиши лозим бўлган соҳаларни аниқлаб олишимиз керак. Умуман, олдимизда турган вазифалар ва устувор йўналишларни белгилаб олиш зарур. Шунингдек, Ташкилотимизнинг энг юқори даражасида имзоланган шартномалар қоидаларини бузиш мумкин эмас, деб ҳисоблайман. Бундан ташқари, Ташкилот ҳузурида Доимий вакиллар кенгашини ташкил этиш муҳимлигини яна бир бор таъкидламоқчиман. Жорий йил май ойида Туркистонда бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувда Туркий давлатлар ташкилоти ҳарбий альянс эмаслигини ва келажакда ҳам бундай бўлмаслиги кераклигини айтган эдим. Бу — Қозоғистоннинг позицияси”, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Давлат раҳбари сўзининг якунида қозоқ халқида «Барака — бирликда, ризқ — ҳамжиҳатликда» деган мақол борлигини эслатиб, бир ёқадан бош чиқариб, умумий мақсад йўлида биргаликда ҳаракат қилиш зарурлигини таъкидлади. Шунда илдизи бир бўлган туркий халқлар ҳам янада юксалиб, тараққий этаверади.
“Бугунги учрашув Ташкилот фаолиятига янги суръат бағишлаб, ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлайди, деб ишонаман. Шу ўринда, Озарбайжон давлати ўтган йилдан бери Ташкилотга раислик қилиб, унинг нуфузи ва обрўсини оширишга катта ҳисса қўшганини алоҳида таъкидламоқчиман. Озарбайжон томонига миннатдорлик билдираман. Энди раислик вазифаси Туркия зиммасига юкланади. Келгусида ҳам Ташкилот доирасида янги ташаббуслар амалга оширилишига ишонаман. Шунингдек, жаноб Кубаничбек Омуралиевга самарали фаолияти учун миннатдорлик билдираман. Янги Бош котиб Мирвоҳид Азимовга эса муваффақиятлар тилайман. Ушбу йирик анжуманни юқори савияда ташкил этгани учун Туркия Республикаси Президентига яна бир бор миннатдорлик билдираман”, — деди Қозоғистон Президенти.
Шунингдек, саммитда Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жейҳун Байрамов ҳамда ТДТ Бош котиби Кубаничбек Омуралиев сўзга чиқди.