Туркий давлатлар оқсоқоллари Самарқандда учрашди

Самарқандда жорий йилнинг 17-18 октябрь кунлари Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгашининг ўн тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар беради Kazinform UzAга таяниб.

Туркий давлатлар оқсоқоллари Самарқандда учрашди
Фото: ЎзА

Йиғилишда Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон оқсоқоллари билан бирга кузатувчи мақомидаги Туркманистон, Венгрия ҳамда илк бор Шимолий Кипр Турк Республикаси вакиллари иштирок этди.

Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши раиси Бинали Йилдирим йиғилишни очар экан, аввало Яқин Шарқ минтақасида содир бўлаётган воқеаларга муносабат билдирди. Куни кеча Ғазо секторидаги касалхонага уюштирилган ҳаво ҳужумини қаттиқ қоралаб, бунинг оқибатида юзлаб инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан Фаластин халқига ҳамдардлик билдирди. Шунингдек, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар бунга ўз муносабатини билдириши ва минтақада тинчлик ўрнатиш чораларини кўриши зарурлигини таъкидлади.

Йиғилишда Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Қубаничбек Омуралиев сўзга чиқиб, ташкилот Оқсоқоллар кенгашининг кейинги бир йилдаги фаолиятига юқори баҳо берди. Ўз навбатида Ўзбекистон раислигида ташкилот томонидан амалга оширилган ишлар, шу йилнинг ноябрь ойида Қозоғистонда ўтказиладиган давлат раҳбарлари саммитига тайёргарлик ва унда муҳокама этиладиган масалаларга тўхталди.

Учрашувда Оқсоқоллар кенгашига Ўзбекистон раҳбарияти тавсияси билан “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Содиқжон Турдиев қабул қилингани қайд этилди.

Кенгаш аъзолари ва кузатувчи давлатлар вакиллари Туркий давлатлар ташкилоти йиғилишларида қабул қилинган қарорларнинг ижросини таъминлаш, халқларимиз ўртасидаги маданий алоқаларни янада ривожлантириш юзасидан ўз фикрларини билдирди.

Йиғилишда турк дунёси академияси фаолиятини такомиллаштириш, туркий халқлар ягона ёзувини йўлга қўйиш, умумий туркий тарих дарслигини яратиш ва бошқа масалалар муҳокама этилиб, давлат раҳбарлари йиғилишига тақдим этиш учун таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Тадбир доирасида туркий давлатлар оқсоқоллари Самарқанд шаҳрида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт кўчатлари ўтқазди. Шунингдек, шаҳардаги муқаддас қадамжолар ва тарихий-маданий ёдгорликларни зиёрат қилди.

Сўнгги хабарлар