Туркий академияси Илмий кенгашига раислик Озарбайжондан Туркияга ўтди
Йиғилишда сўзга чиққан академия Президенти Дархан Қидирали Озарбайжон Республикаси таълим вазири Эмин Aмруллаевга самарали фаолияти учун миннатдорлик билдириб, пандемияга қарамай, Озарбайжон раислик даврида ҳам академия фаолияти муваффақиятли давом этганини таъкидлади. Шунингдек, раисликни ўз зиммасига олган Туркия томони ўз вазифасини муваффақиятли бажаришига ишонч билдирди.
Озарбайжон таълим вазири академия ва Илмий кенгаш аъзоларига миннатдорчилик билдирди. Туркия Республикаси Миллий таълим вазири Маҳмут Ўзерга махсус раислик нишонини топширди.
Кўплаб масалалар муҳокама қилинган учрашувда Венгрия кузатувчи, Ўзбекистон эса илк бор меҳмон сифатида иштирок этиб, Туркий академиясининг келгусидаги фаолияти муҳимлигини таъкидлади.
Йиғилиш якунлари бўйича Халқаро Туркий академия Илмий Кенгашининг V йиғилишини 2022 йилда Қозоғистонда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.