Туркистонлик болалар Хорватияга бориб, футбол ўйнашни ўрганадилар

Вилоятда болалар футболини ривожлантириш борасидаги ишлар амалга оширилади. «Турон» футбол академияси ташкил этилиб, хорижлик мураббийлар жалб этилди.
Туркистон вилояти ҳокими Дархан Сатибалди Хорватия Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги давлат котиби Тонси Главина бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Вилоят раҳбари Хорватия терма жамоасини Қатарда бўлиб ўтаётган футбол бўйича жаҳон чемпионати ярим финалига чиққани билан табриклаб, муваффақиятлар тилади.
Делегация таркибига Хорватиянинг Қозоғистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Рефик Шабанович кирди.
Учрашувда вилоят раҳбари Дархан Сатибалди икки томонлама ишбилармонлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ҳақида гапирди. Томонлар спорт ва туризмни ривожлантириш борасидаги ишларни муҳокама қилдилар. Вилоят ҳокими самарали ижтимоий лойиҳалар билан ҳамкорлик қилишни таклиф қилди. Ривожланиш учун сармоявий имкониятлар ортиб, вилоятда ишлаб чиқаришни ривожлантиришга ҳаракат қилинаётганини таъкидлади.
«Мамлакат Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Туркистонга амалий ташрифи чоғида Туркистон шаҳрига мамлакатнинг маънавий-маданий маркази мақомини бериш масаласини кўтарган эди. Туркистон Қозоқ хонлигининг пойтахти бўлган буюк шаҳар. Бу шаҳарда тарихий қарорлар қабул қилинган. Тўрт йил ичида вилоят маркази таниб бўлмас даражада ўзгарди. Вилоят жадал ривожланмоқда. Спортни, жумладан, футболни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар кўрилади. Бу туризмни ривожлантириш имкониятини оширади. Биз Хорватиянинг футболдаги муваффақиятларини биламиз. Аргентина билан бугунги ўйинда жамоаларингизга ғалаба ва муваффақиятлар тилайман! Ёш футболчиларимизни тарбиялашда хорватиялик мутахассислар ва футбол академиялари билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз, – деди вилоят ҳокими.
Хорватиянинг Қозоғистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Рефик Шабанович футболни ривожлантириш борасида ўз фикрларини билдирди.
«Болани ёшлигидан футболга киритиш керак. Саккиз ёки тўққиз йил жуда кеч бўлиши мумкин. Хорватия футбол академиялари ва мактабларининг муваффақиятини бутун дунё билади. Буни футболчиларимизнинг ғалабалари ҳам кўрсатиб турибди. Хорватиядаги ҳар бир фуқаро футбол ишқибози десак хато бўлмайди. Футболни ривожлантириш учун мухлислар кўп бўлиши керак. Буни болалар футболидан бошлаган маъқул. Биз қозоқ болаларининг жаҳон саҳналарида порлашини тилаб қоламиз», — деди Элчи.
Учрашув сўнгида Хорватия делегацияси Туркистон шаҳри меъморчилиги ҳақида ўз илиқ фикрларини билдириб, Туркистон вилояти ҳокими Дархан Сатибалдига Хорватия терма жамоасининг спорт формасини совға қилди.