Туркистондаги “TURAN” махсус иқтисодий зонасида 1000 га яқин иш ўрни яратилади
TÜRKISTAN. Кazinform -Туркистон вилоятида янги заводлар очиш ва корхоналар қуришга устувор аҳамият қаратилмоқда. Бу борада тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, “TURAN” махсус иқтисодий зонасида муҳандислик инфратузилмалари қурилиши тугаллангач, бу ерда 50 га яқин корхона жойлаштирилади ва иш бошлайди. Бунинг натижасида 1000 га яқин янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
Туркистон шаҳри яқинида «Turan» махсус иқтисодий зонаси ташкил этилиб, уни муҳандислик инфратузилмаси билан қамраб олиш мақсадида қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Туркистон вилояти ҳокими Дархан Сатибалди мазкур вилоятга ташриф буюриб, вазият билан танишди.
«Turan» махсус иқтисодий зонасида бугунги кунда ўт ўчириш шохобчаси, газ тизимлари, интернет тармоғидаги ишлар 100 фоизга бажарилган.
Йўлнинг 1,4 километрига асфальт ётқизилган. Йўлни 2024 йил октябр ойида фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Темир йўл қурилиш ишлари 40 фоизга бажарилиб, темир йўлнинг 2,1 километрига рельслар ётқизилди.
Шу билан бирга, сув ва канализация тармоқларини қуриш ишларининг 70 фоизи бажарилиб, 8,5 километр сув қувурлари ўтказилди. 3 километр канализация тармоғи ётқизилди. Йил охиригача мазкур иншоотларнинг қурилиш ишлари тўлиқ якунланиб, фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Электр таъминоти ишларини якунлаш 2025 йилга мўлжалланган. Амалга оширилаётган ишларнинг бориши вилоят ҳокими ва вилоят қурилиш бошқармаси мутахассисларининг доимий назоратида.