Туркистонда янги сайёҳлик мавсуми очилди
TÜRKISTAN. Kazinform - “Туркистон – туркий дунёнинг туристик пойтахти” доирасида 100 дан ортиқ тадбирлар ўтказилади.

Бугун “Туркистон – туркий дунёнинг туристик пойтахти” номи остида янги сайёҳлик мавсуми очилди. «Керуен сарай» мажмуасида ташкил этилган тантанали тадбирда Туркистон вилояти ҳокими Дархан Сатибалди иштирок этиб, туркистонликлар ва меҳмонларни Наврўз байрами ва ушбу муҳим он билан табриклади.
“Туризмни ривожлантиришни Туркистоннинг асосий йўналишларидан бирига айлантирамиз. Мамлакат Президенти Қасим-Жомарт Кемелули туризм соҳасини мамлакат иқтисодий ўсишнинг ҳаракатлантирувчи омилларидан бирига айлантириш бўйича аниқ вазифа қўйди. Айни пайтда Туркистон вилоятининг туризм соҳасидаги салоҳияти жуда юқори. Ўтган йили Туркистон вилоятига келган хорижлик сайёҳлар сони 15 минг нафарга етди. Бир кунлик ташриф буюрувчилар сони эса деярли 1 миллион кишини ташкил қилади. Туризмни ривожлантириш мақсадида Туркистон аэропортида халқаро рейслар сонини оширяпмиз. Бу йил ҳам дунёнинг бошқа шаҳарларидан Туркистон шаҳрига янги ҳаво йўллари очишда давом этамиз”, — деди Дархан Сатибалди.

Муқаддас шаҳарга “ Туркий дунёнинг 2024 йилда туристик пойтахти” мақомининг берилиши тарихий шаҳарнинг туркий давлатлар орасида юксак ўринга эга эканлигини англатади. Жорий йилда халқаро миқёсда 25 та, республика миқёсида 23 та, ҳудудий миқёсда 56 та, жами 100 дан ортиқ тадбир ўтказиш режалаштирилган. Бу мақом нафақат туризм индустрияси ривожига, балки сайёҳларни ҳудуд маънавияти ва маданияти билан яқиндан таништиришга, тадбиркорлик ва иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қиладиган кенг кўламли ва чуқур аҳамиятли воқеадир.
Туркистон шаҳрида янги сайёҳлик мавсумининг очилишига бағишланган бир қанча тадбирлар ташкил этилди. Ташриф буюрувчилар дастлаб Туркистон вилоятининг туризм йўналишига оид ахборот стендлари билан танишиб, қизиқарли маълумотлардан мамнун бўлишди. Шу билан бирга, миллий ўзликни англаш тарғиб қилиниб, вилоятнинг туризм салоҳияти намойиш этилди. Жумладан, армрестлинг, гир кўтариш ва бошқа миллий спорт турлари бўйича мусобақалар, «Bauyrsak Fest» ва “Қимиз ичиш” кўнгилочар мусобақалари ташкил этилди. Мусобақа ғолибларига сертификатлар топширилди. Махсус шоу ва қизиқарли дастурдан ташқари, суратга олиш учун ижодий фото зоналари мавжуд.
Вилоятдаги бадиий жамоалар ва фольклор ансамбллари, рақс жамоалари, цирк артистлари, Наврўз байрамига бағишланган театр томошалари, миллий анъаналаримизни намоён этган баҳайбат ботирлар йиғилганларга кўтаринки кайфият улашди. Ҳунармандлар ярмаркасида қозоқча нақшли маҳсулотлар намойиш этилди. Дастурдан сўнг «Fire Show» форматидаги мушакбозлик намойиши бўлиб ўтди.