Туркистон вилоятидаги саноат паркида 1000 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади
TÜRKISTAN. Кazinform - Туркистон вилояти, Сауран туманида “Саноат парки” қурилиши давом этмоқда. Саноат парки 30 гектар майдонда жойлашган бўлиб, парк ҳудудида умумий майдони 66 минг квадрат метр бўлган 42 та бино қурилиши режалаштирилган.
Саноат паркининг умумий қиймати 13 миллиард тенге бўлиб, қурилиш ишлари якунлангач, 1 тенге бюджет маблағига 7,5 тенге хусусий инвестиция жалб этилиши кутиляпти. Қўшимча 70 гектар ер майдони белгиланиб, кўпайтириш режалаштирилган. Туркистон вилояти ҳокими Дархан Сатибалдининг жиддий назорати остида муҳим лойиҳа амалга ошириляпти. Вилоят раҳбари қурилиш ишларининг боришини назорат қилиб, мутасаддилар зиммасига бир қатор вазифалар юклади.
Саноат парклари ҳудудида маъмурий бино қуриш ҳам режалаштирилган. Бинода парк иштирокчилари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазма зали ташкил этилади.
“Туркистон” ижтимоий корпорацияси ва хусусий инвестор маблағлари ҳисобидан кенг кўламли қурилиш ишлари олиб бориляпти. Муҳим лойиҳа 3 босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда 10 та бино қурилиши якунланиб, 23 минг квадрат метр майдон фойдаланишга топширилди. Битта бинонинг умумий майдони 1584 квадрат метрни ташкил қилади. Бугунги кунда 6 та лойиҳа амалга оширилиб, 30,7 миллиард тенге сармоя киритилиб, 550 та янги иш ўрни яратилмоқда.
Айни пайтда ишлаб чиқариш участкасида бир қанча тадбиркорлар меҳнат қилмоқда. Бу ерда мамлакатда илк бор сувни тежовчи технологияларни жорий этган, пуркагич ва томчилатиб суғориш тизимларини ишлаб чиқарган «BNK Group» МЧЖ корхонаси жойлашган. Умумий инвестиция қиймати 11,1 млрд тенгени ташкил этади. Туркистоннинг 100 нафар аҳолиси янги ишга жойлашди.
«Aqniet Holding» МЧЖ (инвестиция қиймати 3,1 млрд. тенге, 100 та янги иш ўринлари) мактаб мебеллари ва тиббиёт мебеллари ишлаб чиқарувчи корхона, Украинанинг «UBC Group» компанияси (инвестиция қиймати 10 млрд. тенге, 350 та янги иш ўринлари) саноат музлатгичлари ишлаб чиқарувчи корхона парк ҳудудида ўз фаолиятини йўлга қўймоқда. Шу билан бир қаторда тиббиёт буюмлари, оралиқ эшиклар ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳам иш бошлади.
Йирик қурилишнинг иккинчи босқичида жорий йилда умумий майдони 25 минг квадрат метр бўлган 12 та бино қурилиши режалаштирилган. Ушбу бинолар учун инвесторлар танлаб олинди, қурилиш тугагандан сўнг 1000 та янги иш ўрни яратилади (инвестиция қиймати 32,3 млрд. тенге).
Учинчи босқичда эса 2025 йилда 14 та бинони ишга тушириш режалаштирилган. Ишбилармонларни муҳандислик инфратузилмасига эга тайёр ишлаб чиқариш қувватлари қизиқтириши шубҳасиз.