Туркистон вилоятидаги пахта далаларида томчилатиб суғориш технологияси қўлланилади
Вилоятда янги технология асосида пахта етиштириш йўлга қўйилади, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Туркистон вилояти ҳокими Дархан Сатибалди Хитойнинг «Peng Sheng (Group) Co., Ltd» компанияси вакилларини қабул қилди. Учрашувда пахта етиштириш ва чуқур қайта ишлаш, тўқимачилик фабрикасини қуриш масалалари муҳокама қилинди.
– Нафақат пахта етиштириш, балки уни чуқур қайта ишлашга ҳам устувор аҳамият қаратамиз. Пахта чигити ва сифатини ошириш, янги технологияларни жорий этиш, пахтани чуқур қайта ишлаш, тўқимачилик фабрикасини барпо этиш йўлга қўйилгандагина пахтачиликдаги масалалар ўз ечимини топади. Шунинг учун биз сизлар билан ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрмиз. Йўл харитасини ишлаб чиқайлик ва иккала томоннинг мажбуриятларини ҳам киритайлик. Биз инфратузилма ва бошқа масалаларда ёрдам берамиз”, - деди Дархан Сатибалди.
«Peng Sheng (Group) Co., Ltd» компанияси вакили Сонг Шицзие 10 минг гектар пахта майдонига томчилатиб суғориш технологиясини жорий этишга тайёрлигини билдирди. Шу билан бирга, пахтани чуқур қайта ишлаш, пахта ёғини олиш мосламаларини импорт қилиш бўйича ўз режаси билан ҳам ўртоқлашди. Инвестор энг сифатли пахта чигитини экиш ва пахта заводи қуришни режалаштирган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда ХХРга вилоят делегациясининг ташрифи чоғида «Peng Sheng(Group) Co., Ltd» компанияси билан инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувга эришилган эди.
Муаллиф: Қайрат Зайнишев