Туркистон вилоятида умумий яйлов майдони 1 миллион гектарга кенгайтирилади
ҚР Президентининг топшириқлари доирасида чорвачиликни субсидиялаш механизмини янада такомиллаштириш ишлари амалга оширилди. Назорат қилувчи органларнинг огоҳлантиришлари инобатга олиниб, субсидиялаш қоидаларидан коррупция хавфи бўлган нормалар олиб ташланди. Бундан ташқари, ветеринария тизимини ислоҳ қилиш ишлари олиб бориляпти.
Вилоятда гўшт экспорти жадал ривожлана бошлади. Ўтган йил якунига кўра 15 минг 700 тонна қорамол ва 8 минг тонна қўй гўшти экспорт қилинган. Жорий йилнинг ҳозирги даврига қадар бу кўрсаткичлар 5 минг тонна қорамол гўшти, 2,6 минг тонна қўй гўштини ташкил этди.
Умуман олганда, вилоятда чорвачилик кўрсаткичлари ижобий динамикани кўрсатаётган бўлса-да, яйлов ерлари етишмайди. Камомадни бартараф этиш мақсадида жорий йилда умумий яйловлар ҳажмини 1 миллион 15 минг гектарга кўпайтириш режалаштирилган. Улардан йил охиригача 333 минг гектар ер умумий яйловга қайтарилади. Қолган 682 минг гектар майдонни қайтариш аҳоли пунктларидаги яйлов кўламини камайтириш ҳисобига амалга оширилиши режалаштирилган. Ҳисобот даврида 102 минг гектар яйлов ерлари давлат мулкига қайтарилди. Йил охирига қадар режа тўлиқ бажарилади.
Бундан ташқари, чорвачиликни ривожлантириш доирасида чорва боқиш майдончалари ва сут-товар фермаларини очишга устувор аҳамият қаратиляпти. Жорий йилда мазкур йўналишларда қатор йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилади.
Хусусан, боқиш майдонлари кўпаяди. Жорий йилда 37 минг 350 бош молга 8 миллиард тенгелик 10 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Шунингдек, 13 миллиард тенгега 2 минг 380 бош молга мўлжалланган сут фермалари қурилиб, 100 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади.
Давлат томонидан қўллаб-қувватланаётган жорий чора-тадбирлар чорвачилик тармоғининг инвестицион жозибадорлигини сақлаб қолиш имконини берди. «Қишлоқ омонати» дастури доирасида чорва молларини боқиш йўналиши бўйича 695 миллион тенгега 157 та, сут-товар хўжаликлари йўналиши бўйича 170 та лойиҳа 788 миллион тенгега маъқулланди. Бу борадаги масалалар доимий назоратда.