Туркистон вилоятида ташкил этилган саноат зоналари ҳудуд ривожига ижобий туртки беради
TÜRKISTAN. Кazinform - Туркистон вилоятида ўтган ойда Қазиғурт, Сауран, Сариағаш ва Келес туманларида 570 гектар майдонни эгаллаган 4 та қўшимча саноат зонаси ташкил этилди. Бу ҳақда бугун вилоят ҳокими Дархан Сатибалди раислигида ўтказилган кенгаш йиғилишида маълум қилинди.
Йиғилишда саноат ҳудудларини лойиҳалар билан тўлдириш масаласи муҳокама қилинди. Вилоят раҳбари мутасаддиларга бу борадаги ишларни кучайтириш бўйича кўрсатмалар берди.
“Туман ва шаҳар ҳокимлари ҳам тадбиркорлик ва сув масалалари бўйича ҳисобот тайёрласин. Ҳудудларингиздаги саноат зонаси инфратузилмаси муаммосини оптимал ҳал қилиш зарур. Ҳудудни ривожлантириш бўйича алоҳида лойиҳаларни ҳар томонлама излаб, тизимли равишда амалга оширинг”, – деди вилоят ҳокими Дархан Сатибалди.
Йиғилишда вилоят тадбиркорлик ва саноат бошқармаси бошлиғи Нуржигит Мирзахметов маъруза қилиб, амалга оширилган ишларга тўхталди. Бундан ташқари, у инфратузилма объектларини ривожлантириш бўйича бир қатор таклифларни киритди. Бошқарма раҳбарининг таъкидлашича, саноат ҳудудлари инфратузилмасини ривожлантиришга сарфланган маблағлар, умуман, бюджетдан 10 баробар кўп сармоя жалб этиш имконини бермоқда. Шунингдек, туман ва шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ишлаб чиқариш майдонларида шанбалик ишлари ташкил этилаётгани ҳақида маълумот берди.
Янги саноат зоналари ҳудуд ривожига ижобий туртки бермоқда. Шулардан бири Келес тумани, Ақтўбе қишлоқ округи, Жетисай йўналишидаги йўл бўйида 300 гектар ерда “Келес” саноат зонаси ташкил этилган. Инфратузилма нуқталарини инобатга олган ҳолда туман ҳокимлиги ҳам ер участкасини таклиф қилди. Туркистон саноат зонасида барпо этилган 2 та браунфилдда ҳозирда мебель ишлаб чиқариш ва пайпоқ ишлаб чиқариш цехлари фаолият кўрсатмоқда. Бу ерда маҳаллий аҳоли иш билан таъминланган.
Вилоятда саноат парки таркибида 39 та саноат биноси барпо этиш режалаштирилган. 1-босқич бўйича 10 та бинонинг қурилиши якунланди, инвестиция маблағига 10 та лойиҳа амалга оширилмоқда. 2-босқичда 12 та саноат биноси қурилиши бошланди. Ишлаб чиқариш объектларида жойлаштириладиган инвестиция лойиҳалари пули яратилиб, меморандумлар имзоланди. Шунингдек, 3-босқичда 17 та саноат биноси қурилиши бошланди. Уларнинг бир қисми тадбиркорлар ҳисобига қурилмоқда. Сауран туманидаги Қорачиқ, Шўрноқ, Ясси қишлоқ округларида умумий майдони 70 минг квадрат метр бўлган 49 та саноат биноси қурилиши бошланди. Лойиҳаларнинг аксарияти мебель ишлаб чиқариш соҳасига тўғри келади. Бу ерда ҳам янги иш ўринлари очилади, маҳаллий аҳоли доимий иш билан таъминланади.
«TURAN» махсус иқтисодий зонасига саноат зоналаридан ташқари лойиҳалар ҳам жалб этилмоқда. Улар орасида хорижий компаниянинг тўқимачилик кластери, полимер қувурлари, кон-металлургия комплекси учун ускуналар ишлаб чиқарувчи заводлар бор.
Айтиш жоизки, бугунги кунда 594 гектар майдонда 10 та саноат зонаси фаолият юритмоқда. Бу ерда умумий қиймати 125,6 миллиард тенге бўлган 87 лойиҳа амалга оширилмоқда. Лойиҳаларнинг асосий қисми қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, енгил ва мебель саноати соҳаларида жамланган. Янги ташкил этилган иш ўринларида маҳаллий аҳоли меҳнат қилмоқда.
Муаллиф: Қайрат Зайнишев