Туркистон вилоятида наркотик моддалар контрабандаси билан шуғулланган Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари қўлга олинди
TURKISTAN. Kazinform – Қозоғистон Республикасининг Туркистон вилоятида ҳибсга олинганлар орасида 88 нафар Ўзбекистон ва 37 нафар Тожикистон Республикаси фуқароси бор. Бу ҳақда Туркистон вилояти полиция департаменти матбуот хизмати хабар берди.
Жорий йилнинг 10 ойида ички ишлар идоралари ходимлари томонидан наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига оид 652 ҳолат аниқланган. Уларнинг 267 таси жиноят, 385 таси ҳуқуқбузарликдир. Шунингдек, 42 таси гиёҳванд моддаларни сотиш, 13 таси гиёҳванд моддаларни кўп миқдорда сақлаш, 67 таси таркибида наркотик моддалар бўлган ўсимликларни етиштириш билан боғлиқ. Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни ноқонуний реклама қилиш ва тарғиб қилиш бўйича 8 та маълумотлар қайд этилган.
Полиция ва прокуратура ходимлари вилоят ёшлари билан биргаликда 100 га яқин гиёҳвандлик ёзувларини йўқ қилди. Ноқонуний муомаладан 335 килограммга яқин гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинди.
Трамадол билан боғлиқ 2 та жиноят иши, 1 та ҳуқуқбузарлик қайд этилиб, 1000 дона трамадол гиёҳвандлик моддаси мусодара қилинди. Шунингдек, 34 нафар гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи шахслар аниқланиб, улардан 4 килограммдан ортиқ синтетик наркотик моддалар олиб қўйилди. Шу билан бирга, гиёҳванд моддалар экиш мумкин бўлган ҳудудларда вертолётда ҳаводан разведка ўтказилди.
“Гиёҳванд моддалар контрабандасининг 137 та канали ишига чек қўйилди. Хусусан, Ўзбекистон чегарасини Қозоғистон ҳудудига кесиб ўтишда 127 та контрабанда ҳолати аниқланган. Қозоғистондан Ўзбекистонга ўтиш вақтида эса 10 та ҳолат аниқланди. Гумонланувчиларнинг 88 нафари Ўзбекистондан, 37 нафари Тожикистон Республикаси фуқароларидир”, – дейилади Туркистон вилояти полиция департаменти матбуот хизмати хабарида.