Туркистон вилоятида қишлоқ мактабларининг ўқитувчи ва ўқувчилари ҳар жума куни миллий либослар кийиб юради

TÚRKİSTAN. Кazinform –Келгусида таълим муассасаси раҳбарияти миллий қадриятларга асосланган ушбу жараённи кундалик дарсларга жорий этади.

миллий либос
Фото: Kazinform

Ўрдабаси туманидаги Шубарсу қишлоғида жойлашган “Зейн ашу” бошланғич мактаби жамоаси янги лойиҳага киришди. Яъни бу ердаги ўқитувчи ва ўқувчилар ҳар жума куни мактабга миллий либосда боради. Ўқитувчилар ҳам замонавий услубда кашта тикилган кийимларни кийишади.

Мактаб раҳбарияти томонидан амалга оширилган лойиҳа доирасида 200 нафар болага бир хил махсус кийимлар тикилди. Келгусида таълим муассасаси миллий қадриятларга асосланган ушбу жараённи кундалик дарсларга жорий этади.

миллий либос
Фото: Kazinform

“Келгуси йили янги бинога кўчиб ўтмоқчимиз. Шунда ўқувчиларимиз ҳар куни миллий либосда дарсга келади. Шунингдек, дарслар оралиғида қўнғироқлар учун қозоқча рингтонларни ўрнатишни режалаштирмоқдамиз. Бу лойиҳа ота-оналар томонидан қўллаб-қувватланмоқда”, - дейди мактаб директори Гулжазира Қарабекова.

миллий либос
Фото: Kazinform

Ўтган йили фойдаланишга топширилган мактаб 150 ўринга мўлжалланган. Жорий йилда бу ерда 220 нафар бола икки сменада таҳсил олмоқда. Таълим муассасаси бошланғич мактаб бўлса ҳам, у ўқувчиларни илмий лойиҳага тайёрлайди. Болаларни ҳар томонлама ривожлантириш учун қўшимча дарслар бепул ўтказилади. Бундан ташқари, ўқувчилар дарсдан бўш вақтларида хореография, таэквондо, шахмат, шеър ўқиш каби қўшимча тўгаракларга бепул қатнашмоқда.

Муаллиф: Қайрат Зайнишев

Сўнгги хабарлар