Туркистон туркий дунёсининг туристик пойтахтига айланди — Димаш Қудайберген
TÜRKISTAN. Kazinform – Куни кеча машҳур қўшиқчи Димаш Қудайберген Туркистонга етиб келди. Хонанда билан вилоят ҳокими Дархан Сатибалди учрашиб, ҳурмат бажо келтирди.
Туркистон вилояти ҳокими Дархан Сатибалди Қозоғистон номини жаҳон саҳналарида тарғиб қилаётган ёш ижодкорнинг келгуси фаолиятига муваффақият тилади. Шунингдек, ушбу ташриф Жанубий минтақанинг маънавият соҳасига, вилоятда туризмни ривожлантиришга катта туртки беришини айтди.
“Айни пайтда вилоятда маънавият йўналишида бир қатор ташаббуслар амалга оширилиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Мамлакатимиз ва халқаро миқёсдаги тадбирлар сайёҳлар ва ҳурматли меҳмонларнинг вилоятимизга ташрифига сабаб бўляпти. Улардан бири - «Voice of Turan» халқаро қозоқ қўшиқлари ижрочиларининг танловидир. Бу йил 5-маротаба ташкил этилаётган мазкур танловда дунёнинг 20 га яқин давлатидан санъаткорлар иштирок этиб, қозоқ қўшиқларини куйлайди. Ушбу танлов давомида дунёнинг турли бурчакларидан келган хонандалар Сизнинг қўшиқларингизга қизиқиш билдираётганини кўриш мумкин. Бу биз учун қувонч ва катта масъулият”, — деди вилоят ҳокими.
Хонанда ўз нутқида Туркистоннинг маънавият ўчоғи сифатида эътироф этилганидан ҳайратда эканлигини айтиб, вилоят раҳбарига миннатдорчилик билдирди.
“Туркистоннинг янги қиёфаси ва ўзгариши мени ҳайратда қолдирди. Бу менинг биринчи ташрифим ва менда алоҳида таассурот қолдирди. Одамлар мамлакатнинг шундай гўзал шаҳарда яшаётганини, унинг руҳи юксалаётганини кўриб, хурсанд бўлдим. Туркистон бугунги кунда туркий дунёнинг сайёҳлик пойтахтига айланган ва бутун дунёда тан олинган. Энг муҳими, юртимиз тинч бўлсин! Шаҳарларимиз дунёга танилиб, халқимизнинг дунёқараши, маънавияти кенгайсин!”, - деди Димаш Қудайберген.
Эслатиб ўтамиз, 13-14 сентябрь кунлари Астана шаҳрида Димаш Қудайбергеннинг концерти бўлиб ўтади. Қозоғистон халқ артисти «Astana Arena» стадионида бўлиб ўтадиган «Stranger» номли яккахон концерт дастурида иштирок этади. Миллий оҳанг ва замонавий мусиқа техникаси уйғунлашган жаҳон миқёсидаги шоуда анъанавий ва замонавий услубдаги композициялар ижро этилади. Қўшиқ кечаси 8-13 сентябрь кунлари ўтказилиши режалаштирилган V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари доирасида Маданият ва ахборот вазирлиги кўмагида ҳамда “ДимашАли” ижодий маркази томонидан ўтказилади.
Муаллиф: Қайрат Зайнишев