Туркистон деҳқонлари 10 минг гектар ердан йилига 2-3 марта ҳосил олмоқчи

ASTANA. Kazinform – Туркистон вилояти фермерлари 9303 гектар майдонда «Бир даладан йилига 2-3 марта ҳосил олиш» лойиҳасини амалга оширмоқчи. Бу ҳақда вилоят ҳокими Дархан Сатибалди Марказий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган брифингда маълум қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.
None

«Вилоят қишлоқ хўжалигида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 5 йил ичида икки баробар ортиб, биринчи марта 1 триллион тенгедан ошди. Агросаноат мажмуасига жами 336 миллиард тенге сармоя киритилди», – деди у.

Унинг сўзларига кўра, соҳада янги технологиялар кенг қўлланиляпти.

«Жорий йилда интенсив ўрим-йиғим ҳажми 5405 гектарга етказилади. Натижада ҳосилдорлик 5 баробар ошиб, 300-350 центнергача маҳсулот олинади. 28 минг 763 гектар майдонда сувни тежаш технологияси, 9 минг 303 гектар майдонда «Бир даладан йилига 2-3 марта ҳосил олиш» лойиҳаси амалга оширилади. Бу усул сув оқимини 2 баравар тежаш ва ҳосилдорликни 3 баробарга ошириш имконини беради. Республикамиздаги иссиқхоналарнинг 71 фоизи вилоятимиз ҳиссасига тўғри келади. Уларнинг умумий майдони 1511 гектарга етди», – дейди Дархан Сатибалди.

Шунингдек, ҳоким 2027 йилгача 500 гектар майдонда янги иссиқхона қуриш режалаштирилганини айтди.

«Қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш натижасида 3 миллион тонна сабзавот, боғ ва картошка маҳсулотлари йиғилди. Бозорни маҳаллий маҳсулотлар билан таъминлаш мақсадида жорий йилда 60 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда уларнинг 16 таси ишга туширилди», – деди вилоят ҳокими.

Муаллиф: Есимжан Нақтибай


Сўнгги хабарлар