ЦАХАЛ “Ҳизбуллоҳ” етакчисининг вориси ўлдирилганини тасдиқлади
АSTANА. Kazinform — Исроил ҳарбийлари Ҳошим Сафи ад-Дин уч ҳафта олдин Байрутга ҳужум чоғида ўлдирилганини маълум қилди. У ўлдирилган “Ҳизбуллоҳ” етакчиси Ҳасан Насруллоҳнинг вориси бўлиши мумкин, деб ёзади BBC.
— Исроил мудофаа кучлари “Ҳизбуллоҳ” ижроия кенгаши раҳбари Ҳошим Сафи ад-Дин ва гуруҳ разведка бошқармаси қўмондони Али Ҳусайн Ҳазима “Ҳизбуллоҳ”нинг бошқа қўмондонлари билан бирга ўлдирилганини тасдиқлаши мумкин. Террористлар тахминан уч ҳафта олдин Даҳия ҳудудида уюштирилган зарбада йўқ қилинган. Исроил мудофаа кучлари “Ҳизбуллоҳ”нинг олий қўмондонларига ва Исроил фуқароларига таҳдид соладиган ҳар қандай кишига қарши операцияларни давом эттиради, - дейилади ЦАХАЛ баёнотида.
Октябрь ойи бошида Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху “Ҳизбуллоҳ” етакчилари йўқ қилинганини эълон қилди, бироқ уларнинг исмини айтмади.
Унинг сўзларига кўра, Исроил хавфсизлик кучлари Насруллоҳнинг вориси, шунингдек, гуруҳнинг “ворисининг вориси”ни ўлдирган.
3 октябрдан 4 октябрга ўтар кечаси Байрутнинг жанубий чеккасидаги Рафиқ Ҳаририй халқаро аэропорти ҳудудидаги “Ҳизбуллоҳ” нишонларига бир қатор зарбалар берилди.
Ўшанда Насруллоҳнинг амакиваччаси Ҳошим Сафи ад-Дин ҳужум нишонига айланган бўлиши мумкинлиги хабар қилинган эди.