Транспорт вазирларининг иккинчи йиғилишида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди
ASTANА. Кazinform - Астана шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг VI маслаҳат учрашуви арафасида Марказий Осиё давлатлари транспорт вазирларининг иккинчи учрашуви бўлиб ўтди. Тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон транспорт вазирлари иштирок этди.
Учрашувда вазирлар транзит йўлаклари, темир йўл ва автомобиль транспорти, шунингдек, ҳаво транспорти соҳаларидаги ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар. Мамлакатларнинг автомобиль ва темир йўлларни қуриш, халқаро ҳаво қатнови тармоғини кенгайтиришга қаратилган ўзаро алоқаларни ривожлантириш борасидаги сиёсати алоҳида таъкидланди. Тадбир якунларига кўра, томонларнинг ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ниятини тасдиқловчи Астана коммуникеси имзоланди.
“Вазирлар инвестицияларни жалб қилиш учун қулай муҳит яратиш, инфратузилмани ривожлантириш ҳамда транспорт-логистика марказлари фаолиятини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш доирасида мамлакатлар ҳамкорлигига қаратилган Меморандумни имзоладилар”, — дейилади хабарда.
Мазкур Меморандум - 2023 йилда Душанбе шаҳрида имзоланган Марказий Осиёда ер усти транспортининг ўзаро боғланишини мустаҳкамлаш бўйича кўп томонлама келишувнинг мантиқий давоми.
Делегация Астанадаги электровозларни йиғиш заводида бўлди. Корхонада маҳаллий локомотив қурилишининг ишлаб чиқариш имкониятлари намойиш этилди. Меҳмонлар Транспорт вазирлиги томонидан йўл ходимлари куни муносабати билан ташкил этилган тантанали йиғилишда ҳам иштирок этдилар.