Трамп у ва Харрис ўртасидаги дебатни бекор қилди
ASTANA. Kazinform – АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп Fox News телеканалининг 24 ёки 27 октябрь кунлари дебат ўтказиш таклифини рад этди.
“Жараён ҳаддан ошиб кетди, овоз бериш бошланди – реванш бўлмайди!”, – деб ёзди Д.Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида.
Д.Трамп, шунингдек, аввалроқ 4 сентябрь куни Fox News телеканалидан Камала Харрис билан дебатда иштирок этиш таклифини қабул қилганини, бироқ унинг рақиби рад жавобини берганини эслади.
Республикачи сиёсатчининг қўшимча қилишича, у сўровларда олдинда, шу боис рақиби билан фарқ кундан-кунга ортиб бормоқда. Унинг сўзларига кўра, баҳсни давом эттиришдан маъно йўқ, чунки К.Харрис АҚШ президенти Жо Байден сиёсатида ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Трамп, шунингдек, унинг номзоди Жей Ди Вэнс яқинда бўлиб ўтган дебатда демократ рақиб Тим Уолцни “осон мағлуб этганини” таъкидлади.
АҚШ президентлигига номзодлар Камала Харрис ва Дональд Трамп ноябрь ойидаги сайловлар олдидан ABC News телеканалида биринчи ва эҳтимол ягона сайловолди теледебатини ўтказдилар.
Кейинроқ Дональд Трамп ўзининг рақиби, Демократик партия номзоди Камала Харрис билан сайловдаги дебатда энди қатнашмаслигини маълум қилди.
АҚШда навбатдаги президентлик сайловлари 5 ноябрга белгиланган.