Тожикистон 2035 йилга қадар иссиқхона газлари чиқиндиларини 15 фоизга камайтиришни режалаштирмоқда

ASTANA. Kazinform – Тожикистон 2035 йилга қадар иссиқхона газлари чиқиндиларини 15 фоизга, халқаро кўмак кўрсатилган тақдирда эса 40 фоизгача камайтиришни мақсад қилган. Ушбу мақсадлар мамлакатнинг янгиланган Миллий даражада белгиланадиган ҳиссаси (“ОНУВ 3.0”) ҳужжатида белгилаб қўйилган.

выбросы парниковых газов
Фото: pexels

Ҳужжатга мувофиқ, Тожикистон 1990 йилдаги кўрсаткичларга нисбатан иссиқхона газлари чиқиндиларини 2030 йилга қадар 10 фоизга, 2035 йилга қадар эса 15 фоизга камайтиришни режалаштирган.

Халқаро молиявий ва технологик кўмак кўрсатилган тақдирда, ушбу кўрсаткичлар мос равишда 25 ва 40 фоизга етиши мумкин.

“ОНУВ 3.0” ҳужжати Тожикистон ҳукумати томонидан 2026 йил 16 октябрда тасдиқланган.

Тожикистон Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Баходур Шерализода ҳужжатнинг қабул қилиниши амалий ишларнинг бошланиши эканини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, иқлимга оид мақсадлар соҳавий дастурлар ва ҳудудларни ривожлантириш режаларида ўз аксини топиши лозим.

“Ҳужжатнинг тасдиқланиши амалий ишларнинг бошланишидир, холос. Иқлимга оид мақсадлар соҳавий дастурлар ва ҳудудий режаларда қамраб олиниши керак. Иқлим сиёсатининг муваффақияти қабул қилинган ҳужжатлар сони билан эмас, балки иқтисодиёт ва аҳоли учун эришилган аниқ натижалар билан баҳоланиши лозим”, – деди Баходур Шерализода.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2026-2035 йилларда иқлимга оид чора-тадбирларни амалга ошириш учун танланган сценарийга қараб, Тожикистонга 20-22,5 миллиард доллар маблағ керак бўлади.

Миллий даражада белгиланадиган ҳиссалар Париж иқлим келишувининг асосий механизмларидан бири ҳисобланади.