Тошкентда ёшлар ҳуқуқларига бағишланган халқаро форум бўлиб ўтади

Тошкентда ёшлар ҳуқуқларига бағишланган халқаро форум бўлиб ўтади
Фото: Фото: ЎзА

Жорий йил 23 октябрда Тошкент шаҳрида “Ёшлар ҳуқуқлари: имкониятлар ва ҳимоя қилиш механизмлари” мавзусида халқаро форум бўлиб ўтади, деб хабар беради Kazinform UzAга таяниб.

Ушбу жаҳон анжумани Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Вена бутунжаҳон конференциясининг 30 йиллигига бағишланади.

Бўлажак Тошкент халқаро форумининг асосий миллий ташкилотчиси – Ўзбекистон Ҳукумати номидан – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳисобланади. Мамлакатдаги барча ёшлар ташкилотлари халқаро анжуманга фаол жалб этиляпти.

Халқаро форумни ташкил этишда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, Олий комиссар Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими, БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси офиси, БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, Фридрих Эберт фонди ва бошқа халқаро шериклар билан яқин ҳамкорликда иш олиб борилди.

Онлайн ва офлайн тарзда ўтказиладиган Форумда миллий ва хорижий экспертлар, ёшлар ташкилотлари етакчилари, ёшлар парламентлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, шунингдек, ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари қатнашади.

Халқаро форумда ёшлар ҳуқуқлари соҳасидаги янги саъй-ҳаракатлар ва илғор ташаббуслар учун истиқболда мустаҳкам тагзамин вазифасини ўтайдиган асосий натижалар ва амалий тавсиялар ўз мужассамини топадиган якуний ҳужжат – Марказий Осиё ёшлари декларацияси ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши режалаштирилган.

Сўнгги хабарлар