Тошкентда VII Ўзбекистон гидлар форуми ўтказилди

TASHKENT. Kazinform - Ҳар йили 21 февраль куни дунёнинг кўплаб мамлакатларида Халқаро гидлар куни нишонланади, деб хабар беради Kazinform ЎзАга таяниб.

Тошкентда VII Ўзбекистон гидлар форуми ўтказилди
Фото: ЎзА

Шу муносабат билан Тошкентда VII Ўзбекистон гидлар форуми ўтказилди. Тадбирда 300 нафардан ортиқ халқаро иштирокчи, тажрибали гидлар, туризм соҳасидаги мутахассислар, давлат ташкилотлари, фан ва таълим муассасалари вакиллари иштирок этди.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси ва Туризмни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти ҳамкорлигида ташкил этилди.

Форумнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси раиси Умид Шадиев, Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиратбой Шарипов, Тошкент шаҳар ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Фахриддин Давруқов сўзга чиқди.

Маълумки, сайёҳлик маҳсулотининг сифатини таъминлашда меҳмонлар ва сайёҳлар билан тўғридан-тўғри ишлайдиган гидлар, экскурсоводлар муҳим рол ўйнайди.

Форумдан кўзланган мақсад экскурсия соҳасида тажриба ва билим алмашиш, туризм индустриясининг муҳим йўналишлари ва истиқболларини муҳокама қилиш, шунингдек, ўзбекистонлик ва хорижий ҳамкорлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.

Форум доирасида “Экскурсия фаолияти: таълим, фан ва амалиёт симбиози” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди ва унда туризм соҳасининг таниқли олимлари, экспертлари ва таҳлилчилари маъруза қилди.

Шунингдек, Туризмни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти билан Туркия, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг турли таълим ва туризм ташкилотлари ўртасида ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Сўнгги хабарлар