Тошкентда ТДТ давлатлари мусулмонлари диний бошқармалари раҳбарлари кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди

Тошкент
Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон пойтахтида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар мусулмонлари диний идоралари раҳбарлари кенгашининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар беради Kazinform агентлиги мухбири.

Йиғилишда таъкидланганидек, Кенгаш ташкил этилган йил давомида ТДТ мамлакатлари тарихий меросини ўрганиш, уни халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, ислом динини равнақ топтириш, халқ фаровонлигини оширишга улкан ҳисса қўшган.

Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси Науризбай қажи Тағанули қардош мамлакатлар маданий меросининг умумий қадриятларини ўрганиш, асраб-авайлаш ва оммалаштириш борасидаги устувор вазифаларни ҳал этиш зарурлигига эътибор қаратди.

“Туркий тилли давлатлар муфтийлари кенгашини ташкил этишдан мақсад туркийзабон халқлар ҳамкорлиги ва биродарлигини янада мустаҳкамлаш, тарихий, маънавий ва маданий меросни асраб-авайлаш борасида қабул қилинган қарор ва ташаббусларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборат эди. Шу боис Кенгаш фаолиятини янада фаоллаштириш, Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қирғизистон ва Туркманистон диний бошқармалари ўртасида тажриба алмашишни ташкил этиш, қўшма илмий-маърифий ва амалий тадбирларни кўпайтириш зарур”, – деди Науризбай қажи Тағанули.

Кавказ мусулмонлари идораси раиси Оллоҳшукур Пошозода Ўзбекистон Президентининг 2024 йилда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзуида халқаро конференция ўтказиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлади.

“Ислом цивилизациясининг қадимий маркази бўлмиш Ўзбекистонда бундай форумнинг ташкил этилиши, шубҳасиз, юксак савияда ўтказилиши ҳамда юксак инсонпарварлик табиати ва қадриятларини умуминсоний миқёсда намойиш этишда алоҳида аҳамиятга эга бўлади”, – дейди Оллоҳшукур Пошозода.

Туркманистон муфтийси Ялкап Хўжагулиев қардош мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар янгича мазмун касб этганини таъкидлади.

“Шубҳасиз, бундай учрашув ва маслаҳатлашувлар халқларимизни янада яқинлаштиради, дўстлик ва қардошлик муносабатларини мустаҳкамлаб, юксак ишонч ва ўзаро ҳамжиҳатликка эришишга хизмат қилади”, – дейди Ялкап Хўжагулиев.

Тадбирда ТДТ Бош котиби Кубаничбек Омуралиев, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси Науризбай қажи Тағанули, Ўзбекистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси Нуриддин Холиқназаров, Туркия Дин ишлари бўлими раиси Али Эрбаш, Кавказ мусулмонлари идораси раиси Шайхул Ислом Оллоҳшукир Пошозода, Туркманистон мусулмонлари идораси раҳбари Ялкап Ходжақулиев, Қирғизистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши раиси Абдиманап Масалиевлар иштирок этдилар.

Муаллиф: Мадибек Джанибеков

Сўнгги хабарлар