Тошкентда регби спортининг Осиёдаги ривожи муҳокама қилинди

Тошкентда регби спортининг Осиёдаги ривожи муҳокама қилинди
Фото: UzA

Ўзбекистон Миллий университети стадионида регби-7 бўйича “Open Central Asia Championship” мусобақаси бўлиб ўтди, деб хабар беради Kazinform агентлиги UzAга таяниб.

Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг 100 нафардан ортиқ регбичилари иштирок этган турнирда жамоалар ўз иқтидорларини намоён қилиб, совринли ўринларни қўлга киритди.

Шиддатли баҳслар сарҳисобига кўра, эркаклар ўртасидаги мусобақаларда Ўзбекистон-1 ва Ўзбекистон-2 жамоалари олтин-кумуш медалларига эга чиққан бўлса, бронза медали Қирғизистон вакилларига насиб этди.

Аёллар ўртасидаги ўйинлар натижасига биноан Қозоғистон жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Қолган совринли ўринлар ўзбекистонлик регби жамоаларига насиб этди.

Чемпионат доирасида Осиё регби федерациясининг 2023 йил якунлари ҳамда келгуси йил режаларига бағишланган йиғилиш ташкил этилди.

Осиё регби федерацияси президенти Каис Ал Дхалаи, федерация ижроия қўмитаси аъзолари иштирок этган йиллик йиғилишда мутасаддиларнинг ҳисоботи тингланди. Регби-7, регби-15 бўйича ўтказиладиган мусобақаларда миллий терма жамоалар иштирокини таъминлаш, ҳакамлик ва мураббийлик фаолиятлари бўйича ўқув курсларда ўқиш ҳамда нуфузли мусобақаларга тайёргарлик кўриш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Йиғилиш якунида Осиё регби федерацияси раҳбарлари регби-7 бўйича “Open Central Asia Championship” мусобақалари Тошкент шаҳрида юқори савияда ташкил этилганини эътироф этди.

Сўнгги хабарлар
telegram