Тошкентда пуллик велосипед қатнови йўлга қўйилади

TASHKENT. Kazinform - Тошкентда пуллик велосипед қатнови йўлга қўйилади, деб хабар беради Kazinform «Янги Ўзбекистон» газетаси сайтига асосланиб.
None
None

«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ томонидан ўтказилган матбуот анжуманида шу йил якунига қадар шаҳар йўловчи транспортида тасарруф этиш учун 20 та электробус харид қилиниши маълум қилинган. Ҳозирги кунда уларни харид қилиш бўйича тендер танловлари ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, тегишли давлат идоралари билан келишилмоқда.

«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ таркибидаги автобус саройлари ҳаракат таркибини 2021-2023 йилларда янгилаш бўйича режа-дастур ишлаб чиқилмоқда.

«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ лойиҳалар, ташқи алоқа ва инвестицияларни бошқариш бўлими бошлиғи Шаҳбоз Ғафуровнинг таъкидлашича, лойиҳанинг биринчи босқичида Тошкент шаҳрининг Амир Темур ва Аҳмад Дониш кўчаларида пилот лойиҳа сифатида велосипеддан умумфойдаланиш «bike sharing» тизими, 4 та велосипед станцияси барпо этилади. 4 та велосипед станциясида жами 40 та велосипед қатнови йўлга қўйилади.

Айнан шу кўчаларнинг танлаб олинишга сабаб шуки, бу йўлларда велосипед қатнови учун махсус йўлакчалар ажратилган. Ҳар бир станцияда 10 тадан велосипед жойлашиши кўзда тутилган. Мазкур тизимдан мобиль илова орқали фойдаланиш кўзда тутилган. Бир кишининг велосипеддан 30 дақиқа фойдаланиши учун бир ярим минг сўм нарх белгиланиши таклиф этилмоқда.

Лойиҳада велосипедлар қатнови Тошкент шаҳри марказий кўчаларида 18 йўналишда 660 километрни қамраб олиши кўзда тутилган. Велосипедлар универсал жипслар билан жиҳозланган. Улардан ҳам эркаклар, ҳам аёллар фойдаланиши мумкин. Аёлларга мўлжалланган велосипедларда рўзғор хизматлари учун махсус саватчалар ўрнатилган. Велосипед қаерда фойдаланилаётганини кузатиб бориш имконияти мавжуд.

Айни пайтда жамоат транспортида рақамлаштиришни кенг жорий этиш мақсадида бир қатор янги лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда. Бундан асосий мақсад — йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш ва улар хавфсизлигини таъминлашдан иборат.

Бундан ташқари, «Тошкент транспорти» мобиль иловаси йўлга қўйилади. Йўловчилар унинг воситасида шаҳар жамоат транспорти ҳаракат таркибини реал вақтда кузатиб бориш, жамоат бекатлари ва транспорт станциялари тўғрисида маълумот олиш, фойдаланувчига энг тезкор ва фойдали йўналишни таклиф қилиш, локация йўналишлари ҳамда ҳаракат тарихини сақлаш имконияти, реал вақтда QR-кодни генерация қилган ҳолда тезкорлик билан йўл ҳақи тўловини амалга ошириш, «Аломат» хизмати воситасида фойдаланувчиларга овоз (товуш) ёзуви орқали қидирув хизмати ҳамда интеллектуал маслаҳатлар бериш каби бир қатор қулайликларга эга бўлиши ҳақида маълумот берилди.

Сўнгги хабарлар