Тошкентда прокуратура терговчиси жиноят ишини ҳал қилиб бериш учун 40 минг доллар пора олиб, қочиб кетди

ЎР Бош прокуратураси
Фото: prokuratura.uz

TASHKENT. Kazinform - Тошкент шаҳрида прокуратура катта терговчисига қидирув эълон қилинди. У фуқародан жиноят ишини ҳал қилиб бериш эвазига 40 минг доллар олиб, қочиб кетган, деб хабар беради Kazinform агентлиги ЎР Бош прокуратураси матбуот хизматига таяниб.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳри Юнусобод тумани прокуратураси катта терговчиси пора олиб, қочиб кетди.

Фуқаро И.Х. ариза билан мурожаат қилиб, унда терговчи Ш. Ш. унинг корхонасига очилган жиноят ишини ҳал қилиб бериш учун пул талаб қилганини айтган.

“Ушбу ариза асосида 7 октябрь куни ўтказилган тезкор тадбирда терговчи келишилган 40 минг долларни олиб, жиноий таъқибдан қутулиш мақсадида номаълум томонга яширинган. Пул ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган”, - дейилади ЎР Бош прокуратураси хабарида.

Ҳолат юзасидан Ш. Ш.га нисбатан ЎР Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Айбланувчига нисбатан сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланиб, унга нисбатан қидирув эълон қилинди.

Сўнгги хабарлар
telegram