Тошкентда парламентлараро ҳамкорликнинг иккинчи глобал форуми бўлиб ўтди

Ўзбекистон пойтахтида БМТ томонидан тасдиқланган Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро ҳамкорлик бўйича иккинчи глобал форуми бўлиб ўтди, деб хабар беради Kazinform агентлиги мухбири.

Тошкентда парламентлараро ҳамкорликнинг иккинчи глобал форуми бўлиб ўтди
Фото: Алихан Асқар/Kazinform

Тадбирда Парламентлараро иттифоқ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, МДҲ ва Туркий давлатлар парламент ассамблеялари раҳбарлари, Марказий Осиё давлатлари депутатлари иштирок этди. Форум давомида мутахассислар қонун чиқарувчи органлар ўртасидаги ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш, белгиланган мақсадларга биргаликда эришиш ва бошқа мамлакатлар тажрибасидан фойдаланиш масалаларини муҳокама қилди.

“Тошкентда ташкил этилган глобал форумнинг асосий вазифаси парламентлараро ҳамкорлик доирасида Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишдан иборат. БМТ сессиясида барқарор ривожланиш мақсадлари қабул қилинди. Уни универсал ривожланиш кўрсаткичлари деб аташ мумкин. Бизда парламентлараро ассамблеялар бор. Улар доирасида биз Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш даражасини баҳолаймиз. Аниқроқ айтадиган бўлсак, бу оралиқ ҳисобот бериб, йўналишимизни яна бир бор аниқлаштириш учун зарур”, – деди Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси депутати Болат Керимбек.

Тошкентда парламентлараро ҳамкорликнинг иккинчи глобал форуми бўлиб ўтди
Фото: Алихан Асқар/Kazinform

Унинг сўзларига кўра, ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар самарасида ёшлар билан ишлаш, гендер тенглиги, экология каби соҳаларда муваффақиятлар кузатилмоқда.

“Бу Барқарор ривожланиш мақсадлари ижросини мониторинг қилиш ва кун тартибидаги долзарб масалаларни муҳокама қилишга асосланган самарали платформадир. Мамлакатимизда қонун чиқарувчи органларнинг фаолияти ҳам ана шу мақсадларни амалга оширишга қаратилган. Шунга кўра, халқ фаровонлигини оширади. ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев БМТнинг 78-сессиясидаги нутқида Қозоғистон Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга устувор аҳамият беришини таъкидлади”, – деди Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати аъзоси Ольга Перепечина.

Форум якунларига кўра, қўшма ҳужжат қабул қилинди. Унга кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан таклифлар киритилди.

 

Муаллиф: Алихан Асқар

Сўнгги хабарлар