Тошкентда Николай II даврига оид 100 та олтин тангани сотмоқчи бўлганлар ушланди

TASHKENT. Kazinform – Тошкентда XIX ва XX асрларга оид 100 та «Николай» олтин тангаларини 67 минг долларга сотишга уринганлар қўлга олинди. Ушбу тангалар маданий бойлик ҳисобланади ва тарихий аҳамиятга эга. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди, деб хабар беради Gazeta.uz Давлат хавфсизлик хизматига таяниб.

Тошкент
Фото: Gazeta.uz/ЎР ДХХ

ДХХ Андижон вилояти бўйича бошқармаси ва божхона идоралари ходимлари Тошкент шаҳрида тезкор тадбир ўтказган. Унда Олмазор туманида ва Андижон шаҳрида яшовчи фуқаролар қўлга олинган.

Хабарга кўра, улар 100 дона олтин тангани 67 минг долларга сотмоқчи бўлган. Шунингдек, улардан бирига тегишли автомашинадан қўшимча 37 дона олтин танга ҳам топилган.

Экспертиза хулосасига кўра, соф оғирлиги жами 776 грамм бўлган 5 ва 10 рубль кўринишидаги олтин тангалар нумизматик ашёлар сифатида маданий бойликлар сирасига киради ҳамда бадиий, тарихий аҳамиятга эга ҳисобланади.

Асллик даражаси 900 ва 916 бўлган мазкур қадимий тангалар 1897−1911 йиллар оралиғида босиб чиқарилган бўлиб, уларнинг умумий қиймати 950 миллион сўмни (таҳминан 74 минг АҚШ доллари) ташкил этади.

Аниқланишича, халқ тилида «Николай» тангалари деб айтиладиган ушбу тарихий, моддий қимматликлар Қирғизистоннинг Ўш вилоятига олиб бориб, сотиш режалаштирилган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 177-моддаси 4-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сўнгги хабарлар