Тошкентда маст она гул дўконида қизини аёвсиз урди

Ижтимоий тармоқларда гул дўконига кириб гул сўраган вақтида онаси В.А маст ҳолатда қизи В.И.ни ҳақоратлаб, ургани бўйича видеохабарлари тарқалди, деб хабар беради Kazinform Ўзбекистон Болалар омбудсмани расмий Telegram-каналига таяниб.

Ҳодиса
Фото: видеодан кадр

Болалар омбудсмани дўконда онаси томонидан калтакланган қиз ҳолати бўйича муносабат билдирди.

Аниқланишича, ҳолат Мирзо Улуғбек туманидаги “Оқибат” маҳалласи Марказ-1 даҳасида жойлашган дўконда юз берган. Шу ерда бўлган фуқаролар жараённи видеотасвирга олиб тарқатишган.

Мазкур ҳолат дарҳол Болалар Омбудсмани томонидан назоратга олинди. Ҳозирда Она В.А.нинг ҳаракатларига баҳо бериш юзасидан туман ИИБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Болалар омбудсманининг маълум қилишича, онасининг бундай зўравонлигидан жабр кўрган қизча Тошкент шаҳар вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя кўрсатиш марказига жойлаштирилди. Онани эса ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

 

Сўнгги хабарлар