Тошкентда қурилишда содир бўлган бахтсиз ҳодисада Ҳиндистон фуқаролари ҳалок бўлди

TASHKENT. Kazinform – Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, Олмалиқ кон-металлургия комбинати (ОКМК) мисни бойитиш фабрикаси қурилиш майдончасида темир конструкцияларнинг қулаши оқибатида 3 ишчи ҳалок бўлди, 29 киши жароҳатланди, уларнинг барчаси Ҳиндистон фуқаролари ҳисобланади.

Ўзбекистон
Фото: Ижтимоий тармоқлардан

ЎР Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Тошкент вилоятидаги ОКМК фабрикаси қурилишидаги вазиятга изоҳ берди.

ФВВга кўра, 20 февраль куни соат 08:00 ларда Олмалиқ шаҳри Саноат зонаси ҳудудида жойлашган янги қурилаётган «3-сонли мисни бойитиш фабрикаси»да, бирламчи маълумотга кўра, темир конструкциялари сурункали қор ёғиши оқибатида қулаб тушган.

Ҳодиса оқибатида қурувчи компаниянинг 32 нафар ишчиси (барчаси Ҳиндистон фуқаролари) жабрланган, улардан 3 нафари воқеа жойида вафот этган, 29 нафари турли даражадаги тан жароҳатлари олгани сабабли шифохонага жойлаштирилган.

Жабрланган фуқароларнинг 4 нафарига шифохонада зарур тиббий ёрдам кўрсатилиб, жавоб берилган.

Айни вақтда содир бўлган ҳодиса сабаблари ва оқибатларини жойида ўрганиш, зудлик билан бартараф этиш, жабрланганларга ёрдам кўрсатиш мақсадида масъул ташкилотлар иштирокида ишчи гуруҳ тузилган, дейилади хабарда.

Сўнгги хабарлар