Тошкентда “InnoWeek” халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги ўтказилади

TASHKENT. Kazinform - Жорий йилнинг 14-16 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, жорий этиш ҳамда унинг натижаларига бағишланган “InnoWeek” халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги бўлиб ўтади, деб ёзади ЎзА.

“InnoWeek” халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги
Фото: ЎзА

Бу ҳақда Инновацион ривожланиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Муқаддас Фаёзова қуйидагиларни маълум қилди:

“Барқарор ривожланиш учун инновациялар” мавзусида бўлиб ўтадиган мазкур ҳафталикда дунёнинг 30 дан ортиқ давлат вакиллари, 20 га яқин халқаро ташкилот ва 100 дан ортиқ хорижий компания мутахассислари иштирок этиши кутилмоқда.

Ҳафталик доирасида ташкил этиладиган халқаро инновацион ишланмалар кўргазмасида 500 дан ортиқ маҳаллий, 35 га яқин хорижий ташкилот томонидан тижоратлаштириш, стартап ва илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш натижасида яратилган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биотехнологиялар, озиқ-овқат, кимё ва енгил саноат, соғлиқни сақлаш, робототехника, машинасозлик, материалшунослик каби йўналишларга оид 900 дан ортиқ инновацион маҳсулотлар намойиш этилади.

Маълумотларга кўра, ҳудудларни инновацион ривожлантириш: муаммолар ва ечимлар, Глобал инновация индекси, барқарор ривожланиш учун фан, технология ва инновацион парклар каби мавзулардаги тадбирларда хорижий давлатларнинг 350 нафардан ортиқ вакили иштирок этиш истагини билдирган.

Сўнгги хабарлар