Тошкентда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити бошланди
Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) 16-саммити бошланди, деб хабар беради Kazinform.

Учрашув олдидан ташкилотга аъзо давлат раҳбарлари кутиб олиниб, суратга тушмоқда.
Саммитда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Эрон Президенти Иброҳим Раиси, Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Туркия Президенти Режеп Таййиб Эрдоған, Қозоғистон Бош вазири Алихан Смаилов, Покистон муваққат ҳукумати раҳбари Анвар ул-Ҳақ Какар ва ИҲТ Бош котиби Хусрав Нозири иштирок этмоқда.
Учрашувда савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-коммуникация ва гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ИҲТ фаолиятини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинади.
Эслатиб ўтамиз, ИҲТ 1985 йилда Марказий Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатлари ташаббуси билан ташкил этилган давлатлараро минтақавий ташкилотдир. У Эрон, Покистон ва Туркия ўртасида имзоланган Измир шартномаси асосида ишлайди. 1992 йилдан кейин бу ташкилот фаолияти фаоллашди. Чунки бу йил унга Қозоғистон, Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон қўшилди.