Тошкентда халқ дипломатиясининг мақсад ва воситалари муҳокама қилинди
Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси маркази директори Қобулжон Собиров ўзининг қутлов нутқида анжуманнинг бугунги мураккаб даврда ташкил этилиши Марказий Осиё давлатлари билан дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳамкорлик тамойилларига асосланган муносабатларни ривожлантириш ва самарали мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.
«Бугунги кунда Марказий Осиё халқаро муносабатларда муҳим ўрин тутадиган минтақага айланди. Жаҳон сиёсатшунослигида минтақавий ҳамкорлик ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликка асосланганлигини ифодаловчи «Марказий Осиё руҳи» ибораси пайдо бўлди. Минтақа давлатлари Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш масалаларини ҳал этишда иштирок этиш, Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини ривожлантириш ташаббусларини илгари суриш мисолидан фойдаланиб, Евроосиёда янги турдаги муносабатларни шакллантиришга самарали ҳисса қўшмоқда», - дея таъкидлади Қобулжон Собиров.
«Қозоғистон Фуқаролик Альянси» президенти Бану Нурғазиева йиғилганларга Қозоғистон жамоатчилигининг тинчлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашдаги ўрни ҳақида сўзлаб берди.
«Халқ дипломатиясининг ёрқин намунаси бутун халқаро майдонда ядросиз дунё ташаббусини янгилаган Невада-Семей ҳаракатидир. Миллий миқёсда муҳим мулоқот майдони – Қозоғистон Фуқаролик форуми фаолият кўрсатмоқда, у барча давлат институтлари, партиялар, касаба уюшмалари, бизнес ва давлат идоралари вакилларини жамлаган. Ички сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа масалалар бўйича муҳим тавсиялар қабул қилади. Фуқаролик ташаббусларини илгари суриш бўйича илғор тажриба алмашиш мақсадида биз бутун Марказий Осиё минтақаси учун шундай форум ўтказишни таклиф қилмоқчимиз», — деди Бану Нурғазиева.
Журналистларга берган интервьюсида у оддий фуқаролар, олимлар, маданият ва дин арбоблари, ёшлар вакиллари ўртасида тинчлик, тотувлик ва яхши қўшничилик ғояларини тарғиб қилиш, сиёсий маданият даражасига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган мулоқот халқ дипломатиясининг муҳим қисми эканини таъкидлади.
«Ҳозир Қозоғистонда ҳам худди шундай халқ дипломатияси марказини ташкил этиш ташаббуси муҳокама қилинмоқда. Ташкилот низомига киритиш бўйича энг муҳим масалалар ва ташаббуслар фаол муҳокама қилинмоқда. Шундан сўнг биз рўйхатдан ўтиш учун ариза берамиз ва умид қиламанки, ёзгача бизда халқ дипломатияси бўйича халқаро ташкилот фаолият кўрсатади», — дея хулоса қилди Бану Нурғазиева.
Форум доирасида Қозоғистон Фуқаролик Альянси ва ШҲТнинг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси маркази ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон парламенти аъзолари, Қозоғистон ва Қирғизистон халқ Ассамблеялари, Қозоғистон Фуқаролик Альянси, Қирғизистон Ёшлар конгресси, Тожикистондаги ШҲТ Дўстлик ва ҳамкорлик маркази, миллий маданият марказлари вакиллари, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари анжуманда иштирок этмоқда.
Муаллиф: Мадибек Жанибеков