Тошкентда Эроннинг ШҲТга кириши алгоритми келишиб олинди

None
None
ТASHKENT. Кazinform - Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар ва Эрон Ислом Республикаси вакилларининг маслаҳатлашувлари якунлари бўйича Баённомани имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Ҳужжатда Эрон томонининг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш бўйича мажбуриятлари тўғрисидаги меморандум лойиҳаси маъқулланди, деб хабар беради Kazinform мухбири .

«Эрон каби давлатнинг ШҲТга аъзо бўлиши «географик масъулият»ни оширади ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш учун янги истиқболларни очади. Ташкилотимиз кенг Евроосиё маконида кенг континентал ҳамкорлик сари ишончли қадам ташламоқда. Шубҳасиз, бу минтақавий ва глобал кун тартибидаги долзарб масалаларга янгича қараш имконини беради», - деди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Владимир Норов.

ШҲТ Бош котиби Чжан Мин видеомурожаатида томонларга Эронни ШҲТга аъзоликка қабул қилишга қаратилган ҳужжатларни келишиш бўйича яхши мувофиқлаштирилган ишлари учун миннатдорлик билдирди.


Унинг қайд этишича, ушбу баённоманинг имзоланиши саккиз давлат раҳбарларининг ўтган йили Душанбеда бўлиб ўтган ШҲТ саммитида Эронни Ташкилотга қабул қилиш жараёнини бошлаш тўғрисидаги қарорини амалга ошириш йўлидаги амалий қадам бўлди.

Бу жараённинг навбатдаги босқичи жорий йил сентабр ойида Самарқандда бўлиб ўтадиган ШҲТ саммити доирасидаги мажбуриятлар тўғрисидаги меморандумни имзолаш ва ушбу мажбуриятларни амалга оширишдан иборат бўлади.

Шундан сўнг ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари Эронга ШҲТга аъзо давлат мақомини бериш масаласини кўриб чиқадилар. Тадбирда ШҲТнинг доимий фаолият юритувчи органлари раҳбарлари, аъзо давлатларнинг миллий координаторлари, шунингдек, Тошкентдаги дипломатик миссиялар раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди.

Муаллиф: Мадибек Жанибеков


Сўнгги хабарлар