Тошкентда Чингиз Айтматовнинг таваллуд куни нишонланди

Чингиз Айтматов таваллудининг 95 йиллиги
Фото: ЎзА

Тошкент шаҳридаги “Туркистон” санъат саройида Ўзбекистон ва Қирғизистон Республикалари ўртасида дипломатик алоқалари ўрнатилганлигининг 30 йиллига ҳамда буюк ёзувчи, давлат ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 95 йиллигига бағишланган маданий тадбир бўлиб ўтди, деб хабар беради Kazinform агентлиги ЎзАга таяниб.

Унда республикадаги вазирлик ва идоралар ходимлари, дипломатик корпус вакиллари, қирғизистонлик меҳмонлар, турли миллий маданий марказлар фаоллари ва ОАВ иштирок этди.

Қирғизистон Республикаси маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири Олтинбек Максудов ва Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири ўринбосари Авазхон Таджихановлар ўтган йилар мобайнида икки давлат муносабатлари турли йўналиш босқичларида сайқалланиб, сифат жиҳатдан янги даражага кўтарилганини таъкидлашди.

Икки давлат раҳбарлари ўртасида муносабатларни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш бўйича тарихий қадамлар босиб ўтилгани ва ўзбек-қирғиз халқларининг урф-одатлари, маданияти ва қадриятлари яқинлиги халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамжихатлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилиши алоҳида эътироф этилди.

Дўстлик алоқаларини янада бардавом бўлишида адабий ҳамкорлик муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ғояси асосида мамлакатимизда атоқли адиб Чингиз Айтматовнинг асарларини ўрганиш, ижодини тарғиб этиш, китобларини нашр қилиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Негаки, Чингиз Айтматов Ўзбекистон халқининг дўсти, энг хайрихоҳ, ғамхўр қадрдони эди.

Кечада Чингиз Айтматов ўз асарлари, эзгу ишлари билан инсониятни мудом огоҳликка даъват этгани, сайёрамиз тақдиридаги ҳалокатли таҳдидлар ҳақида бонг ургани, уни жаҳон миқёсида суюкли ёзувчига айлантиргани таъкидланди.

Тадбирда Қирғизистон Республикасидан ташриф буюрган санъат намояндалари ижросидаги катта концерт йиғилганларга байрамона кайфият бахш этди.

 

 

Сўнгги хабарлар