Тошкентда “Бир макон, бир йўл: Марказий Осиё мамлакатлари учун янги имкониятлар” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди

Тошкентдаги Марказий Осиё халқаро институтида бўлиб ўтган “Бир макон, бир йўл: Марказий Осиё учун янги имконият” мавзусидаги давра суҳбатида экспертлар томонидан минтақамиз давлатлари ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболига оид кўплаб қизиқарли таклифлар билдирилди, ташаббуслар илгари сурилди, деб хабар беради Kazinform агентлиги ЎзАга таяниб.

“Бир макон, бир йўл"
Фото: Мадибек Жанибеков/ Kazinform

Мутахассислар, айниқса, рақамли ривожланишни энг муҳим йўналишлардан бири сифатида белгилаб олдилар. Таниқли экспертлар фикрича, Хитой бу соҳада етакчи ҳисобланади. Масалан, юқори технологияли парклар сони бўйича жаҳонда биринчи ўринни эгаллайдиган ушбу давлатда 80 дан зиёд шундай муассаса бор.

Марказий Осиё ҳам рақамли ривожланишни жадаллаштирмоқда – минтақанинг барча мамлакатларида юқори технология парклари фаол ишламоқда.

Хитой 80 га яқин давлатда рақамли инфратузилма лойиҳаларини амалга оширяпти ва дунё бўйлаб “Рақамли ипак йўли” доирасидаги лойиҳаларга, тахминан, 80 миллиард доллар сармоя киритган. Марказий Осиё давлатлари ҳисобига 84 лойиҳа тўғри келади – 30 та Қозоғистонда, 26 та Ўзбекистонда, 10 тадан Тожикистон ва Қирғизистонда, 8 та Туркманистонда. Минтақавий лойиҳаларда Хитойнинг “Huawei”, “ZTE”, “BeiDou”, “Alibaba” ва бошқа компаниялари банд.

Мутахассислар таъкидича, замонавий рақамли технологиялар жорий этилиши меҳнат унумдорлигини 20-30 фоиз оширади, тиббий харажатни 30 фоиз камайтиради, қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини 15 фоиз яхшилайди.

Шу нуқтаи назардан, Марказий Осиё ва Хитой ҳамкорлигини қуйидаги йўналишларда фаоллаштириш долзарб кўринади:

– рақамли инфратузилмани ривожлантириш: алоқа тармоғи, маълумот ва интернетни модернизация қилиш, ҳудудни рақамлаштиришни жадаллаштириш;

– “Рақамли ипак йўли” доирасида қўшма рақамли платформалар яратиш;

– Хитой ва Марказий Осиё давлатлари IT-парклари негизида яқин ҳамкорлик;

– булутли технология ва ҳадсиз маълумот: булутли платформа ва маълумотлар марказини жойлаштириш,маълумотдан фойдаланиш;

– электрон тижорат: электрон тижорат асосини мустаҳкамлаш ва трансчегаравий савдони осонлаштирадиган платформалар яратиш;

– сунъий интеллект ва инновация: янги илғор технологиялар ишлаб чиқиш ва инновацияни рағбатлантириш.

Юқоридаги истиқболли рақамли йўналишлар ҳаётга татбиқ этилиши, умуман, мамлакатларимизга ҳамкорликни янада жадал, мувозанатли ва ўзаро манфаатли ривожлантириш имконини беради.

Сўнгги хабарлар