Тошкентда бепул тарқатилган 300 дан зиёд қишки пальтолар туфайли тартибсизликлар юз берди

Тошкентда одамлар текин кийим учун тартибсизликлар содир этди. 300 дона пальто тарқатишни режалаштирган дўкон эгаси 5,1 миллион сўм жаримага тортилди, деб хабар беради Kazinform агентлиги Uznews.uzга таяниб.

Тошкентда бепул тарқатилган 300 дан зиёд қишки пальтолар туфайли тартибсизликлар юз берди
Фото: видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда одамлар устки кийимларни бепул тарқатаётган дўкон олдида тўпланиши акс этган видео тарқалди.

Тошкент шаҳар ИИБ бу воқеага изоҳ берди.

Маълум бўлишича, 4 январь куни Юнусобод туманида жойлашган кийим-кечак дўкони эгалари ижтимоий тармоқларда 300 дона эркаклар қишки пальтоси текинга тарқатилиши ҳақида хабар тарқатган.

Ушбу ҳаракат натижасида дўкон яқинида одамлар тўпланиб, тартибсизликлар бошлаб юборган. Воқеа жойига ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари этиб келиб, вазиятни бартараф этишди.

Мазкур ҳолат юзасидан дўкон мудири 1999 йилда туғилган С.И.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий кодексининг 200-1-моддаси (Оммавий тадбирларни ўтказиш қоидаларини бузиш) тўққиз нафар ходимга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий кодексининг 194-моддаси (Ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларига риоя қилмаслик) билан баённома тузилди.

Фуқаро С.И.га 15 БҲМ (5,1 миллион сўм), дўкон ходимларига эса 10 БҲМ (3,4 миллион сўм) миқдорида жарима солинди.

 

Сўнгги хабарлар