Тошкентда Беларусь ва Ўзбекистон Президентлари ўртасида музокаралар бўлиб ўтмоқда

Беларусь ва Ўзбекистон Президентлари
Фото: ЎзА

TASHKENT. Kazinform – 8 февраль, пайшанба куни Тошкент шаҳрида Беларусь Президенти Александр Лукашенко ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўртасида расмий музокаралар бўлиб ўтмоқда, дея хабар беради Беларусь давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Матбуот хизматининг хабар беришича, “Кўксарой” қароргоҳида Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенкони расмий кутиб олишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Музокаралар протокол амалиётига мувофиқ, фахрий қоровул ротаси ва икки давлат делегациялари иштирокидаги тантанали тадбирлар билан бошланди.

Беларусь Президентининг расмий учрашуви ва давлат мадҳиялари янграганидан сўнг давлат раҳбарлари ўз делегацияларини қутлаб, суратга олиш маросими учун саройга йўл олди.

Анъанага кўра, президент музокаралари аввалига яккама-якка форматда бўлиб ўтади, сўнгра уларга делегациялар аъзолари ҳам қўшилади.

Лукашенко Ўзбекистон пойтахтига 7 февраль, чоршанба куни кечқурун етиб борди.

Президентлар давлатлараро муносабатларни чуқурлаштириш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни фаоллаштириш масалаларига эътибор қаратадилар.

Томонлар турли соҳаларда кооперация алоқаларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, илм-фан, таълим ва туризм каби соҳалардаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратади.

Шунингдек, Александр Лукашенко ва Шавкат Мирзиёев минтақавий ва глобал кун тартибини, икки давлатнинг интеграцион тузилмалар ва халқаро майдондаги ўзаро ҳамкорлигини муҳокама қилади.

Музокаралар якунида бир қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланади.

Хусусан, Беларусь ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича 2024-2025 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси имзоланиши кутилмоқда.

БелТА хабарига кўра, Беларусь Президентининг ташрифи арафасида Тошкент шаҳрида Беларусь ва Ўзбекистон минтақаларининг иккинчи форуми бўлиб ўтди. Томонлар умумий қиймати 80 миллион долларлик 20 дан ортиқ шартнома ва битимлар туздилар.

Беларусь Президенти Ўзбекистонга 1994 ва 2018 йилларда расмий ташриф билан, 2016 йил (икки марта) ва 2022 йилларда эса амалий ташрифлар билан бўлган. 2014 ва 2019 йилларда Ўзбекистон Президентининг Беларусга расмий ташрифлари бўлиб ўтди.

2018-2022 йиллар давомида мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 3,2 баробар ошди.

2023 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми яна 12 фоизга кўпайиб, 565 миллион доллардан ошди.

Сўнгги хабарлар