Тошкентда «Алаштың асыл арысы» халқаро кўргазмаси очилди
Ўзбекистон пойтахтида Қозоғистон соғлиқни сақлаш тизими асосчиси Халел Досмухамедов таваллудининг 140 йиллиги ҳамда ўқитувчи, шоир, драматург Мағжан Жумабаев таваллудининг 130 йиллигига бағишланган «Алаштың асыл арысы» халқаро кўргазмаси очилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Тадбир бошланишидан аввал кўргазма ташкилотчилари ва меҳмонлари томонидан ёдгорлик мажмуасида қатағон қурбонлари хотирасига дуо ўқилди.

Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Бейбут Атамқулов ўзининг қутлов сўзида «Алаштың асыл арысы» кўргазмасининг ташкил этилиши бугунги ва келажак авлодлар халқларимиз тарихининг энг фожиали даврларини эслаб қолишлари учун қилинган улкан иш эканини таъкидлади.
“Бизнинг илдизларимиз муштарак, тарихимиз муштарак, ўша фожиали йилларда халқларимиз ҳам бирга эди. Қозоғистон замини ва Ўзбекистон замини Кавказнинг қатағонга учраган халқлари, турк-месхетлар, Волга бўйидаги немислар, Узоқ Шарқдан келган корейслар ва бошқалардан бир миллионга яқин кишига бошпана берди. Бу кунларни доим эслашимиз керак”, – дейди Бейбут Атамқулов.


Қозоғистон Республикаси Марказий давлат музейи директори Рашида Харипова журналистларга берган интервьюсида кўргазмадан кўзланган мақсад Алаш арбобларининг маънавий ҳаёт тарзини тарғиб қилиш, шунингдек, икки давлат ўртасидаги халқаро ҳамкорлик ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат эканлигини таъкидлади.
“Кўргазма Халел Досмухамедов таваллудининг 140 йиллиги ва Мағжан Жумабаевнинг 130 йиллигига бағишланган. Шунингдек, Алашорда арбоблари: Ахмет Байтурсинов, Алихан Бўкейханов, Миржақип Дулатов, Мухаммеджан Тинишпаев, Мустафа Шоқай, Сакен Сейфуллиннинг шахсий мажмуаларидан музей буюмлари ҳам тақдим этилган”, — деди спикер.

Тадбир меҳмонлари учун 1937-1939 йиллардаги сиёсий қатағонлардан ҳикоя қилувчи “Кунсиз тунлар” спектаклидан парчадан иборат концерт дастури ва театрлаштирилган томоша тайёрланди.
Кўргазма икки давлат элчихоналарининг бевосита кўмагида Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазирлигининг Маданият қўмитаси томонидан Қозоғистон Республикаси Марказий давлат музейи ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи билан ҳамкорликда ташкил этилди.


Тошкент шаҳри аҳолиси ва меҳмонлари учун 4-11 октябрь кунлари Ўзбекистон Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейида «Алаштың асыл арысы» халқаро кўргазмаси очилади.

Муаллиф: Мадибек Джанибеков