Тошкентда Аксилкоррупция форуми бўлиб ўтади

TASHKENT. Kazinform - Ўзбекистонда «IV Тошкент Аксилкоррупция форуми» бўлиб ўтади. Жорий йил 17 октябрь куни ўтказиладиган форум 250 дан ортиқ аксилкоррупция идоралари ходимлари, халқаро экспертлар ҳамда фуқаролик жамияти вакилларини бирлаштириши кутилмоқда, деб ёзади ЎзА.

Тошкент
Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Мазкур тадбир Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Европа Иттифоқи, Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти ва БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, форумда Финляндия, Грузия, Корея, Литва, Малайзия, АҚШ, Хитой, Ҳонгконг, Қозоғистон, Озарбайжон, Тожикистон каби мамлакатларнинг аксилкоррупция идоралари раҳбарияти ва вакиллари иштирок этади.

Форум доирасида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Жаҳон банкининг Ҳалоллик бошқармаси ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ўзаро англашув меморандуми имзоланиши кутилмоқда.

Шунингдек, агентлик раҳбарияти Ўзбекистонга ташриф буюрган Хитой Назорат бўйича миллий комиссияси бош директори бошчилигидаги делегация билан учрашади.

Форумнинг очилиш маросимида коррупцияга қарши курашишга фаол ҳисса қўшиб келаётган ҳудудий кенгаш, ташкилот, оммавий ахборот воситалари ва журналистлар муносиб тақдирланади.  

Сўнгги хабарлар