Тошкент телеминораси Марказий Осиёдаги энг баланд бино
TASHKENT. Kazinform - Тошкент телеминораси қуриб, фойдаланишга топширилганига 40 йил тўлди, деб ёзади ЎзА.

1985 йил 15 январда ишга туширилган ушбу иншоот 6 йил давомида қурилиб, нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёнинг муҳим рамзларидан бирига айланган.
375 метрлик баландлиги билан Тошкент телеминораси Марказий Осиёдаги энг баланд, МДҲ давлатлари орасида эса иккинчи ўринда туради. Минорага чиқиш учун Швейцариянинг учта “Счиндлер” лифти ўрнатилган бўлиб, уларнинг тезлиги сониясига 4,8 метрни ташкил этади.
1971 йил 1 сентябрда Ўзбекистон Алоқа вазирлиги тасарруфида Тошкент радиотелевизион узатиш маркази қурилиш дирекцияси ташкил этилди. Шундан сўнг, қисқа муддатда янги телеминора лойиҳаси ишлаб чиқила бошланди. Лойиҳани тайёрлашга синчковлик билан ёндашилиб, бир неча бор қайта-қайта ўрганилди ва синовлардан ўтказилди. Сабаби, бундай баландликдаги иншоот қурилиши ҳали тажрибада бўлмаган эди. 1978 йилда телеминора қурилиши расман бошланган.
Тошкент телеминораси нафақат телекоммуникация хизматларини кўрсатиш, балки мамлакатимизнинг сайёҳлик марказларидан бири сифатида ҳам аҳамиятга эга. Кузатиш майдончалари, ресторанлари ва замонавий инфратузилмаси ҳар йили минглаб сайёҳларни ўзининг ҳайратомуз манзаралари билан жалб этади.