Тошкент шаҳрида "Асал байрами" бўлиб ўтмоқда

Тошкент шаҳридаги “Анҳор-Локомотив” истироҳат боғининг марказий ҳудудида “Асал байрами” ўтказилмоқда, деб хабар беради Kazinform агентлиги ЎзАга таяниб.

Асал байрами
Фото: ЎзА

Тадбир доирасида асаларичилик кўргазмаси ва асал маҳсулотлари савдоси ташкил этилди. Унда 400 дан ортиқ ишлаб чиқарувчилар ҳамда қўшни давлатлардан келган асал етиштирувчилар иштирок этмоқда. Хусусан, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистондан келган вакиллар ўзларининг ноёб турдаги асал маҳсулотлари билан фаол қатнашмоқда.

Кўргазмада мамлакатнинг барча ҳудудларидан 100 дан ортиқ асал турлари, жумладан, прополис, она асалари сути, тоғ асали, пахта асали, уяли асал ва бошқа турдаги асаларичилик ҳамда хорижий асал маҳсулотлари намойиш этилди.

Шунингдек, кўргазма давомида асаларичилик бўйича янги технологиялар ва ускуналар тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Тадбирда қайд этилганидек, сўнгги беш йил ичида асал ишлаб чиқариш 17 минг тоннадан 35 минг тоннага етказилди. Асаларичилик билан шуғулланадиган субъектлар сони ҳам бугунги кунга келиб 40 мингдан зиёдни ташкил этади.

Сўнгги хабарлар