Тоқаев ва Пашинян кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказди
ЕREVAN. Кazinform - Кичик таркибда бўлиб ўтган учрашувдан сўнг Қозоғистон ва Арманистон раҳбарлари расмий делегация аъзолари иштирокида музокараларни давом эттирдилар.

Қасим-Жомарт Тоқаев Никол Пашинянга Ереванга таклифи ва меҳмондўстлиги учун миннатдорчилик билдирди.
Шунингдек, у Арманистонга Қозоғистон Президенти сифатида илк бор ташриф буюрганини таъкидлади.
– Қозоғистон-Арманистон ҳамкорлигини янги босқичга кўтариш ташаббусингизни тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Биз арман халқининг чуқур тарихи, қадимий маданияти ва анъаналарига катта ҳурмат билан қараймиз, - деди Давлат раҳбари.
Қозоғистон Президенти Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланганининг 25 йиллиги муносабати билан Арманистонга расмий ташрифи рамзий аҳамиятга эга эканлигига эътибор қаратди.
Чорак аср давомида икки томонлама муносабатларнинг мустаҳкам пойдевори яратилди. Сиёсий мулоқот фаол ривожланди, ҳукуматлар ва парламентлар ўртасида алоқа йўлга қўйилди.
Шу билан бирга, Давлат раҳбари унинг Ереванга ташрифи Қозоғистон ва Арманистон ҳамкорлигига янги суръат бағишлайди, деб ҳисоблайди.
Қасим-Жомарт Тоқаев икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг энг истиқболли йўналишларини белгилаб берди.
Унинг фикрича, иқтисодий муносабатларни сифат ва мазмун жиҳатдан бойитиш энг долзарб вазифадир.
Озиқ-овқат, инвестициялар, транспорт-логистика, IТ-саноат ва қурилиш соҳаларида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш учун катта захира мавжуд.
Никол Пашинян Қозоғистон Президентининг Арманистонга илк ташрифи кўплаб имкониятларга йўл очишини таъкидлади.
– Бугунги ташрифингиз жуда муҳимдир. Музокаралар давомида биз кенг кўламли масалаларни кўриб чиқдик. Улар орасида иқтисодий ва сиёсий ҳамкорликни чуқурлаштириш, минтақавий ҳамкорликни кенгайтиришни алоҳида таъкидладик. Шу билан бирга, маданий-гуманитар соҳани ҳам эътибордан четда қолдирмадик. Бу йил Қозоғистонда Арманистон маданияти кунлари, келгуси йили эса Арманистонда Қозоғистон маданияти кунлари ўтказилади. Умуман олганда, бугунги кун муаммолари кенг ва қамровли. Ишончим комилки, ташрифингиз натижасида биз икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг барча йўналишларини ривожлантиришга қаратилган аниқ қарорлар қабул қиламиз, – деди Арманистон Бош вазири.