Тоқаев сув тошқинларига қарши чора-тадбирларни мувофиқлаштириш бўйича республика штабининг йиғилишини ўтказди

ASTANА. Кazinform - Давлат раҳбари сув тошқинларига қарши чора-тадбирларни мувофиқлаштириш ва тошқин оқибатларини бартараф этиш бўйича республика штабининг йиғилишини ўтказди.

Тоқаев
Фото: Ақорда

Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таъкидлашича, вазият ҳали ҳам жуда мураккаблигича қолмоқда.

Унинг сўзларига кўра, бешта вилоятда, яъни Атирау, Ғарбий Қозоғистон, Шарқий Қозоғистон, Ақмола ва Шимолий Қозоғистон вилоятларида сув тошқинининг иккинчи тўлқини кузатилиши мумкин.

Қолган олтита вилоятда, яъни Қостанай, Қарағанди, Ақтўбе, Абай, Павлодар, Улитауда вазият барқарорлаша бошлади.

Давлат раҳбари аҳолини хавфсиз жойга кўчириш, сув тошқинларидан жабр кўрган фуқароларга зарур ёрдам кўрсатиш каби долзарб вазифаларга эътибор қаратди.

Бектенов
Фото: Ақорда

 

Президент ўзининг топшириғига кўра, давлат моддий захирасидан махсус техника ва бошқа техника олишга рухсат берилганини айтди.

– Зарарни қоплашнинг самарали йўлларини кўриб чиқиш бўйича аниқ топшириқ бердим. Бунинг учун бюджет маблағлари билан биргаликда “Қозоғистон халқига” жамғармаси ва йирик бизнес вакиллари томонидан ажратилган маблағлар ҳам сарфланади. Шунингдек, яна бир муҳим масала мавжуд. Бу - сув босган ҳудудлардаги эпидемиологик вазият. Вазиятни қаттиқ назорат остида ушлаб туриш керак. Шунингдек, баҳорги экиш ишларига пухта ҳозирлик кўриш зарур. Сув босган аҳоли пунктларида қонун бузилишига йўл қўйилмаслиги даркор. Менинг топшириғим билан Ҳукумат раҳбари ва унинг ўринбосарлари айни кунларда ҳудудларда бўлиб турибди. Улар вазият барқарорлашгунча барча ишларни мувофиқлаштиради, халқ билан бирга бўлади, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Давлат раҳбари табиий офатдан жабр кўрган ҳудудларда озиқ-овқат хавфсизлигини алоҳида назоратга олиш, нархлар ошишига йўл қўймаслик зарурлигига яна бир бор эътибор қаратди.

Айдарбек Сапаров
Фото: Ақорда

 

Шунингдек, фуқаролар учун авиа ва темир йўл чипталари нархининг ошишига йўл қўймаслик кераклиги ҳақида огоҳлантирди.

– Ҳукумат ва ҳокимликлар жабрланганларни жойлаштириш, уларга зарур ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ муаммоларни тезда ҳал этиши керак. Ҳозирда бу ишлар амалга оширилмоқда. Эвакуация пунктларидаги вазият доимий равишда назорат қилиниши лозим. Йўқотилган ҳужжатларни тиклаш, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш пунктлари зудлик билан ташкил этилиши даркор. Дарвоқе, йўқолган ҳужжатлар ҳам муаммодир. Одамлар шошиб уйларини тарк этишди. Ҳужжатларингизни тиклаш учун ёрдамлашиш керак. Вазият ўта оғир бўлган жойларда жамоат штаблари жойлаштирилиши, тушунтириш ишлари олиб борилиши зарур, - деди Президент.

Ақмарал Алназарова
Фото: Ақорда

 

Йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазирлигига Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда мамлакатдаги санитария-эпидемиология ва эпизоотик ҳолат устидан назоратни кучайтириш, туну кун мониторинг ўтказиш, шунингдек, кўп қаватли уйлар, ижтимоий ва бошқа объектларни дезинфекция қилиши бўйича топшириқ берилди.

Ижтимоий тармоқларда юқумли касалликлар тарқалиши ва сув тошқинлари туфайли эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашгани ҳақидаги маълумотлар ўз тасдиғини топмади.

Саноат ва қурилиш вазирлигига уй-жой, ижтимоий инфратузилма ва коммунал хўжалиги объектларини реконструция қилиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича тезкор гуруҳ тузиш топширилди.

Қарлапаевнат Ша
Фото: Ақорда

 

 

- Сув босган вилоятлар ҳокимлари шошилинч штабга зарур маблағлар тўғрисида ҳисобот тақдим этиши керак. Шунингдек, ҳудудни ахлатдан, вайрон бўлган уйлар ва бинолар вайроналаридан тозалаш зарур. Зарар кўрган ҳудудларга қишлоқ, транспорт, соғлиқни сақлаш, сув хўжалиги, фавқулодда вазиятлар, экология, фан ва олий таълим вазирлари ўринбосарларини юбориш зарур. Дарвоқе, менинг топшириғим билан сув тошқинларидан зарар кўрмаган ҳудудларда «Таза Қазақстан» акцияси бошланган эди. Мен барча ҳокимларни огоҳлантирдим, бу бир марталик акция эмас. Бошқача қилиб айтганда, ўзингизни шанбаликда ишлаётгандек кўрсатиб, кўзбўямачилик қила олмайсиз. Қўшни давлатларда бўлгани каби Қозоғистонда ҳам доимий равишда ободонлаштириш, вилоят ва шаҳарлар ҳудудларини тозалаш ишларини олиб боришимиз зарур, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Давлат раҳбари фуқаролар учун турар жой биноларини реконструкция қилиш жараёнини реал вақт режимида назорат қилиш вазифасини топширди.

Штаб
Фото: Ақорда

 

Шунингдек, йил охиригача сув тошқинларининг олдини олиш чора-тадбирларини бошқаришнинг узоқ муддатли стратегиясини белгилаб, тегишли дастурий ҳужжатларни қабул қилиш вазифасини юклади.

Йиғилишда Бош вазир Олжас Бектенов, Фавқулодда вазиятлар вазири Шинғис Арирнов, Саноат ва қурилиш вазири Қанат Шарлапаев, Соғлиқни сақлаш вазири Ақмарал Алназарова, Қишлоқ хўжалиги вазири Айдарбек Сапаров, Атирау вилояти ҳокими Серик Шапкенов, Ақтўбе вилояти ҳокими Асхат Шахаров, Ғарбий Қозоғистон вилояти ҳокими Нариман Тўреғалиев, Қостанай вилояти ҳокими Қумар Ақсақалов, Шимолий Қозоғистон вилояти ҳокими Ғауез Нурмухамбетов, Шарқий Қозоғистон вилояти ҳокими Ермек Кўшербаев, Манғистау вилояти ҳокими Нурлан Ноғаев сўзга чиқдилар.

Сўнгги хабарлар