Тоқаев Словения Президентини Астана халқаро форумида иштирок этишга таклиф қилди

Давлат раҳбари Словения Президенти Наташа Пирц-Мусар билан музокаралар ўтказди, дея хабар беради Kazinform Ақорда матбуот хизматига таяниб.

Президент
Фото: Ақорда

Давлат раҳбари Словения Қозоғистоннинг Европа Иттифоқидаги муҳим ҳамкори эканини таъкидлади. Президентнинг таъкидлашича, икки давлат ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланмоқда.

Қасим-Жомарт Тоқаев Наташа Пирц-Мусарни келгуси йили мамлакатда бўлиб ўтадиган Астана халқаро форумида иштирок этишга таклиф қилди.

- Сизни Қозоғистонга расмий равишда таклиф қиламан. Келгуси йил июнь ойининг ўрталарида мамлакатда Астана халқаро форуми бўлиб ўтади. У ерда сиёсий ва иқтисодий масалалар муҳокама қилинади. Жорий йилнинг июнь ойида ўтказилган форум жуда муваффақиятли ўтди. Умид қиламанки, сиз давлатлар раҳбарлари, бош вазирлар, шунингдек, кўплаб трансмиллий компаниялар раҳбарлари қаторида мазкур форумнинг асосий маърузачиларидан бири бўласиз, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Президентлар Қозоғистон ва Словения ўртасидаги савдо-иқтисодий, транспорт-логистика ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар. Суҳбат чоғида фармацевтика, логистика ва IТ-индустрия соҳаларида ўзаро муносабатларнинг ижобий тажрибасига эътибор қаратилди.

Словения Президенти Қозоғистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини тасдиқлади.

– Ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун доимо имконият бор. Мамлакатларимиз ўртасида долзарб муаммолар йўқ. Мен ҳам Сизни махсус ташриф билан мамлакатимизга таклиф қиламан, – деди Наташа Пирц-Мусар.

Томонлар халқаро муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Хусусан, жаҳонда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш, БМТ тузилмасини такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди. Шу билан бирга, давлат раҳбарлари Марказий Осиё ва Қозоғистоннинг халқаро майдондаги роли ортиб бораётганини таъкидладилар.

Президентлар халқаро тузилмалар доирасида яқин муносабатлар ўрнатишга келишиб олдилар.

Сўнгги хабарлар