Тоқаев Silk Way телеканали қошида минтақавий телеканал очиш ташаббуси билан чиқди
ASTANА. Кazinform — Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Токаев маданий ва гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш учун ягона ахборот маконини яратиш муҳимлигини таъкидлади. Шу муносабат билан Давлат раҳбари маҳаллий Silk Way телеканали қошида минтақавий телеканал очишни таклиф қилди.
Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг VIII Маслаҳат учрашувида Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев нотинч дунёда минтақада тинчлик ва барқарорликни сақлаш устувор вазифа эканлигини айтди.
— Терроризм, гиёҳванд моддалар савдоси, қурол ва одам савдоси, ноқонуний миграция, уюшган жиноятчилик ва фирибгарлик хавфсизликка жиддий таҳдид солмоқда. Рақамли технологияларнинг жиноятчилар, хусусан, террорчилар ва гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи тўдалар қўлига тушиб қолиш хавфи катта ташвиш туғдиради. Албатта, бунга қарши курашиш усулларимиз замонавий бўлиши керак. Марказий Осиё мамлакатлари Хавфсизлик Кенгаши котибларининг мунтазам учрашувлари бу соҳада ҳамкорликни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшмоқда. Учинчи учрашув 23-24 апрель кунлари Душанбеда бўлиб ўтди. Биз ўтган йили Тошкентда қабул қилинган Минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик концепциясини, шунингдек, Хавфсизлик хавфлари рўйхати ва унинг олдини олиш чораларини юқори баҳолаймиз. Барча томонлар уни тўлиқ амалга ошириши муҳим, — деди Президент.
Қасим-Жомарт Тоқаев маданий ва гуманитар алоқаларни чуқурлаштиришга эътибор қаратди. Президент минтақа мамлакатларини бой тарихий ва маданий мерос бирлаштираётганини таъкидлади.
— Сўнгги йилларда маданий алоқаларимиз сезиларли даражада кучайди. Кўргазмалар, кинофестиваллар, форумлар ва хотира кечалари ўтказилмоқда. Бу жараёнга ёшлар, университетлар ва илмий ҳамжамият ўртасидаги тўғридан-тўғри мулоқот орқали янги туртки бериш керак. Ягона ахборот маконини шакллантириш ҳамкорлигимизни чуқурлаштиради. Қозоғистон маҳаллий Silk Way телеканали қошида минтақавий телеканал очиш ташаббуси билан чиқди, — деди Давлат раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, Тоқаев Марказий Осиё ва Озарбайжон ўртасидаги савдо ҳажмини 20 миллиард долларга етказишни таклиф қилди.