Тоқаев ШҲТ ташаббусини қўллаб-қувватлаш учун БМТ Бош Ассамблеяси резолюциясини қабул қилишни таклиф қилди

Тоқаев
Сурат: трансляциядан скрин

ASTANA. Kazinform – БМТ Бош Ассамблеясининг ШҲТнинг адолатли дунё, ярашув ва тараққиёт ташаббусини қўллаб-қувватлаш бўйича резолюциясини қабул қилиш зарур. Бу ҳақда ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Астана Мустақиллик саройида бўлиб ўтган “ШҲТ+” йиғилишида маълум қилди.

“Ҳамкорлигимизга янги суръат бағишлаш бўйича таклифлар берсам. Бизнинг фикримизча, тинч ва осойишта тараққиёт кун тартибини биргаликда илгари суриш асосий вазифа бўлиб қолмоқда. Ишончим комилки, жаҳондаги йирик можароларни фақат жамоавий саъй-ҳаракатлар ва доно дипломатия орқали ҳал этиш ва барқарорликни таъминлаш мумкин. Шу муносабат билан келаси йили ўзининг 80 йиллигини нишонлайдиган БМТга катта умидлар билдирилмоқда. Бу ташкилотга муқобил йўқ. Унинг салоҳияти ҳали тугамаган. Бизнинг умумий вазифамиз – БМТнинг ХХI аср таҳдидларига қарши тура оладиган глобал хавфсизликнинг асосий институти сифатидаги ролини кучайтиришдан иборат”, – деди Президент.

Давлат раҳбарининг фикрича, ШҲТ овози халқаро майдонда янада кучлироқ эшитилиши, замонавий даврнинг турли масалалари бўйича ягона позицияни илгари суриши керак.

“Шунинг учун ҳам биз қабул қилган яхши қўшничилик, ишонч ва шериклик ҳақидаги баёнот долзарбдир. Шу билан бирга, БМТнинг 80 йиллиги ҳамда ШҲТ ва БМТ ҳамкорлигининг 20 йиллиги муносабати билан адолатли дунё, тотувлик ва ривожланиш йўлидаги ташаббусимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида БМТ Бош Ассамблеясининг резолюциясини қабул қилишни таклиф этаман”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Сўнгги хабарлар
telegram