Тоқаев МДҲ мамлакатлари учун сунъий интеллект бўйича махсус форум ўтказиш ташаббуси билан чиқди

ASTANА. Кazinform — Қасим-Жомарт Тоқаев сунъий интеллект соҳасида тажриба алмашиш учун доимий механизмни шакллантириш ташаббуси билан чиқди. У бу ҳақда МДҲ мамлакатлари раҳбарлари кенгаши йиғилишида айтди.

Тоқаев МДҲ мамлакатлари учун сунъий интеллект бўйича махсус форум ўтказиш ташаббуси билан чиқди
Фото: Ақорда

Президент рақамлаштиришнинг роли ортиб бораётгани ва сунъий интеллект ёки суперинтеллектни қўллаш кўлами кенгайиб бораётганига эътибор қаратди.

Унинг сўзларига кўра, янги технологияларни ўзлаштириш ва оригинал ишланмаларни жорий этиш МДҲ иқтисодиётининг рақобатбардошлигини белгиловчи асосий омил бўлади. Шу муносабат билан Қасим-Жомарт Тоқаев сунъий интеллект стратегияси, қонунчилик ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари бўйича тажриба алмашиш учун доимий механизмни шакллантириш ташаббуси билан чиқди. Унда илмий марказлар, университетлар, компаниялар ва стартаплар иштирок этиши мумкин. Президент шунингдек, келгуси йилнинг биринчи чорагида Астанада МДҲ доирасида сунъий интеллект мутахассисларининг махсус форумини ўтказишни таклиф қилди.

Давлат раҳбари маданий ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади. Чунки одамлар ўртасидаги яқин муносабатлар, ўзаро ишонч, ўхшаш менталитет, шунингдек, рус тили МДҲнинг ўзига хос хусусиятини тавсифловчи хусусиятлардир.

— Қозоғистон ташаббуси билан МДҲ давлатлари раҳбарларининг маданият соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги декларацияси қабул қилинди. Август ойида Астанада биринчи марта МДҲ волонтёрар форуми бўлиб ўтди. Шуни таъкидлашни истардимки, волонтёрлик тушунчаси ёки хайрли ишлар сиёсати янги Конституциямизда акс этган. Яъни, волонтёрлар конституциявий мақомга эга бўлишди ва шунга мувофиқ уларнинг фаолиятига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бизнинг ташаббусларимизни доимо қўллаб-қувватлайдиган ҳамкасбларимга ва МДҲ мамлакатлари Ҳукумат раҳбарларига миннатдорчилик билдирмоқчиман. Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда рус тилининг ролини таъкидлаш муҳимдир. Рус тили ўзаро тушунишга, таълим ва фан соҳаларида шерикликка ва одамлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтиришга ҳисса қўшади. Бу — аниқ. Шунинг учун мен ҳурматли ҳамкасбларимни Халқаро Рус тили ташкилоти фаолиятини қўллаб-қувватлашга чақираман. Дунёда турли даражаларда рус тилида сўзлашадиган 300 миллионга яқин одам бор. Шунинг учун, ушбу ташкилотнинг келажаги порлоқ. Мен бунга ишонаман. Шу билан бирга, МДҲ мамлакатларининг тиллари ва маданий хилма-хиллигини сақлаб қолиш, барча халқларнинг тарихи, анъаналари ва маданиятини ҳурмат қилиш жуда муҳимдир. Биз халқларимиз дўстлигига асосланадиган янги ҳамкорлик йўлларини излашимиз керак. Ёшларнинг ўқишга бўлган иштиёқини қўллаб-қувватлаш жуда долзарбдир. Чунки энг муҳим билим китобларда. Фақат китоб ўқийдиган одамгина билимли, ақлли инсон бўлиб, ҳаётда ўз ўрнини топиши мумкин. Интернет ҳукмронлик қилган, TikTok-менталитети каби ҳодиса пайдо бўлган ва ёшларнинг хулқ-атвори ўзгарган даврда бунга эътибор бермасликнинг иложи йўқ. Қозоғистонда Миллий китоб куни ташкил этилди. "Миллат ўқийдиган 100 та китоб" лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мен ушбу ғояни янада ривожлантиришни ва халқларимизнинг адабий дурдоналаридан иборат "МДҲ кутубхонасининг олтин фонди"ни яратишни таклиф қиламан. Ушбу фонд Астанадаги Президент кутубхонасига жойлаштирилиши мумкин, унинг қурилиши келаси йилнинг ўрталарига қадар якунланади. Лойиҳа доирасида профессионал таржимани ўз ичига олган ва жамоатчилик учун бепул тақдим этиладиган рақамли кутубхона яратилиши мумкин. Энг яхши адабий асарларни тарғиб қилиш орқали Ҳамдўстлик халқларининг тарихи, маданияти ва маънавий меросини ўрганиш имконияти, шубҳасиз, ёшларимиз ўртасида ўзаро тушунишга йўл очади ва энг муҳими, бугунги нотинч даврда бирлигимизни мустаҳкамлайди, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қасим-Жомарт Тоқаев МДҲни 2035 йилгача ривожлантириш бўйича янги стратегия ишлаб чиқишни таклиф қилган эди.