Тоқаев Қозоғистонда хорижий университетлар очишга тайёрлигини билдирди

ASTANA. Kazinform — Давлат раҳбари Қозоғистонда хорижий олий таълим муассасаларининг филиаллари ва кампусларини очишни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, келаси йили Астанада бир қатор янги кампуслар иш бошлайди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

Тоқаев Қазақстанда шетелдік университеттер ашуға дайын екенін мәлімдеді
Фото: Ақорда

Давлат раҳбари бугунги муҳокамалар ҳамкорликнинг янги босқичига йўл очиши ва аниқ амалий натижаларга олиб келишидан умидвор эканини билдирди.

“Энг аввало, биз зарур инфратузилмани шакллантирамиз, яъни университетлар учун керакли кампусларни қурамиз. Москва халқаро муносабатлар институти ҳамда Кардифф университетини бунга жуда яхши мисол сифатида келтирдик.Келаси йили Астанада бир қатор кампуслар фаолиятини йўлга қўямиз. Бу иш келгусида ҳам давом этиши керак. Чунки бу биз учун жуда муҳим устувор йўналиш ҳисобланади. Пойтахтда ёки мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ўз филиалини очишни истаган ҳар қандай университетни қўллаб-қувватлашга тайёрман. Форум минбаридан таъкидлаганимдек, биз Қозоғистонда экспертлар салоҳияти, билим ва тажриба жамланишини истаймиз. Бундан манфаатдормиз. Шу боис илм-фан, таълим ва юқори технологиялар биз учун ниҳоятда долзарб”, - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Давра суҳбати давомида Москва давлат халқаро муносабатлар институти ректори Анатолий Торкунов, Шимолий Хитой сув ресурслари ва электр энергетикаси университети президенти Лю Цзюньго, Кардифф университети президенти Ларнер Венди, Сеул кибер университети президенти Ли Инджу, Урумчи касб-ҳунар университети президенти Гэ Чэнгуан, Анхальт университети президенти Йорг Багдан, Ғози университети ректори Уғур Унал ҳамда Миллий ядро тадқиқотлари университети ректори Владимир Шевченко сўзга чиқди.

Эслатиб ўтамиз, Президент Қасим-Жомарт Тоқаев халқаро ташкилотлар ва етакчи хорижий университетлар раҳбарлари билан давра суҳбатида  иштирок этди.