Тоқаев: Қозоғистон ўз бозорига кирмоқчи бўлган Хитой компаниялари учун қулай шарт-шароитлар яратишга тайёр

Тоқаев
Фото: akorda.kz

ASTANА. Кazinform - Қозоғистон ўз бозорига кирмоқчи бўлган Хитой компаниялари учун қулай шарт-шароитлар яратишга тайёр. Бу ҳақда Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан музокаралардан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтди.

“Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги мустаҳкам сиёсий муносабатлар ўзаро ишонч ва қўллаб-қувватлаш руҳида ривожланмоқда. Икки давлат ўртасида ҳал этилмаган муаммолар йўқ. Шу боис кучларни бирлаштириб, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни фаоллаштириш ниятидамиз. Президент Си Цзиньпин ва мен ҳозиргина қўшма баёнотни имзоладик. Ҳужжатда икки давлат ўртасидаги муносабатларда эришилган ютуқлар ва истиқболдаги режалар кенг ёритилган”, — деди Давлат раҳбари.

Қасим-Жомарт Тоқаев Хитой Қозоғистоннинг асосий савдо ҳамкори эканини таъкидлади.

“Ўтган йили мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 41 миллиард долларни ташкил этди. Келгусида айланмани икки баробарга оширамиз. Бунинг учун бизда етарлича имкониятлар мавжуд. Хитой бизнинг асосий хорижий инвесторларимиздан биридир. Кейинги 15 йил ичида бу мамлакатдан Қозоғистонга 25 миллиард долларга яқин сармоя киритилди. Ўтган йили Хитойнинг Қозоғистон иқтисодиётига киритган сармояси ҳажми 16 фоизга ошиб, 1,8 миллиард долларга етди. Бу кўрсаткични оширишдан икки томон ҳам манфаатдор”, — деди Қозоғистон Президенти.

Давлат раҳбарининг айтишича, бугунги кунда умумий қиймати 14,5 миллиард долларлик 45 лойиҳа амалга оширилмоқда. Умуман олганда, Хитой капитали иштирокидаги корхоналар сони 4700 дан ошади.

“Биз ўзаро манфаатли инвестиция лойиҳаларини янада амалга ошириш муҳимлигини таъкидладик. Хусусан, биз энергия, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш, молия, транспорт, аэрокосмик саноат ва IТ соҳаларига эътибор қаратдик. Қозоғистон ўз бозорига кириш ниятида бўлган Хитой компаниялари учун қулай шарт-шароитлар яратишга тайёр”, — деди Қасим-Жомарт Кемелули.

Сўнгги хабарлар
telegram