Тоқаев қишлоқ хўжалиги ходимлари форумини ҳар йили ўтказишни таклиф қилди
ASTANA. Kazinform – Қишлоқ аҳолисининг турмуш шароитини яхшилаш билан шуғулланувчи тадбиркор ва фермер хўжаликлари давлат ёрдамига мурожаат қилишлари мумкин. Бу ҳақда ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев қишлоқ хўжалиги ходимларининг биринчи форумида айтиб ўтди.
“Давлатимиз томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасида мутахассислар тайёрлашга катта эътибор қаратилмоқда. Кейинги йилларда мамлакатимизда етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг филиаллари очилмоқда. Улардан тўрт нафари халқаро дастурлар асосида агроном, мелиоратор, биотехнолог, эколог каби қишлоқ хўжалиги соҳасида талаб юқори бўлган мутахассислар тайёрлайди. Умуман олганда, қишлоқдаги барча муаммоларни давлат ва бизнес ҳамкорликда ҳал қилиши керак. Қишлоққа келиб агросаноат билан шуғулланаётган ёш тадбиркорларни қадрлайман. Давлат сизнинг меҳнатларингизни унутмайди”, – деди Қасим-Жомар Тоқаев.
Давлат раҳбари ўз Мурожаатномасида Ҳукумат ва барча давлат органлари маҳаллий бизнес ва хорижий инвесторларга кенг йўл очиши зарурлигини эслатиб ўтди.
“Қишлоқ аҳолисига мурожаат қилиб, уларнинг турмуш шароитини яхшилашда иштирок этаётган тадбиркор ва фермерлар давлат ёрдамига мурожаат қилишлари мумкин. Уларнинг инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва бюрократик тўсиқлардан қочиш керак. Бир сўз билан айтганда, фермерлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш керак. Ҳукумат ва ҳокимлар ерни даромад манбаига айлантириб, қишлоқдаги ижтимоий муаммоларни ҳал қилишдан манфаатдор бўлмаганларни тўхтатиб қўйиши керак. Фақат масъулиятли тадбиркор ва инвесторларгина мамлакатдаги ижобий ўзгаришларнинг ҳақиқий етакчиси бўла олади. Сизлар бундан кейин ҳам ҳамжиҳатлик ва чинакам ватанпарварликнинг энг яхши намунасини кўрсатиб, қишлоқ аҳлининг аҳволини яхшилашга ҳаракат қилишингизга ишонаман. Давлат сизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, қадрлайди. Давлат ва агробизнес ўртасидаги муносабатларни яхшилаш мақсадида бугунги Форумни ҳар йили ўтказиб туришни тавсия этаман”, — деди Президент.